Ўзбек адабий тили ундошлар системасида 25 ундош фонема бор: б, в, г, д, з, ж, дж, й, к, л, л, м, н, п, р, с, т, ф, х, ц, ч, ш, қ, ғ, ҳ, нг. Ундошларнинг умумий бўлинишини кўрсатувчи томонлар асосон тўрттадир. 1. Ундошларнинг пайдо бўлиш ўрнига кўра хусусиятлари. 2. Айтилиш усулига кўра бўлиниши. 3. Товуш пайчаларининг иштирокига кўра бўлиниши. 4. Составига кўра бўлиниши. I. Пайдо бўлиш ўрнига кўра ундошлар бир неча группаларга бўлинади: 1. лаб ундошлари; 2. тил ёки тил-тиш ундошлари; 3. бўғин товуши. 1. Лаб ундошларини ҳосил қилишда лаблар билан ёки тишларга жипслашувига ёки яқинлашувига кўра лаб ундошлари иккига бўлинади: лаб-лаб ундошлари: б, м, п, лаб-тиш ундошлари: ф, в. 2. Тил ёки тил-тиш ундошлари уч хил бўлади: а) тил олди ундошлари тилнинг олд қисми юқори тиш ёки милкка томон ҳаракат қилиши натижасида пайдо бўлади: т, д, с, з, ш, ж, ж(дж), ч, н, л, р ундошлари; б) тил ўрта ундошини ҳосил қилишда тилнинг ўрта қисми танглайга яқинлашади; й ундоши. в) тил орқа ундошлари тилнинг орқа қисмининг юмшоқ танлайга жипслашиши ёки яқинлашиши натижасида ҳосил бўлади. Бу ундошлар ўз икки хил: яқин тил орқа: к, г, н, нг ундошлари; чуқур тил орқа қ, ғ, х ундошлари. 3. Бўғин товуши ҳ. Бу ундош товуш бўғиз бўшлиғида ҳосил бўлади. II. Айтилиш усулига кўра ундошлар: 1. портловчи, 2. сирғалувчи. 1. Баъзи ундошлар талаффузида ҳаво йўли бирданига тўсилиб бирданига очилиши натижасида «портлаш» юз беради.
Бу ундошларнинг талаффузида тилнинг учи юёори тишнинг милкига бориб тегиши ёки икки лабнинг бир-бирига ёпишуви натижасида ҳаво йўли беркилиб қолади, тўсиқ ҳосил бўлади. Ўпкадан келган ҳавонинг кучи тўсиқни бирданига очиши натижасида «портлаш» юз беради ва портловчи товушлар ҳосил бўлади: т, д, п, б, к, қ, ч, ж(дж), г, ц, м, н, нг каби.
Булардан: а) т, д товушлари тил учининг милка ёки танглайнинг олд қисмига тақлиши натижасида; б) п, б товушлари икки лабнинг бекилиши натижасида; в) к, г, ва қ товушлари эса тил орқа қисмининг танглай билан ёки юмшоқ танглай билан тақалишидан ҳосил бўлган беркилишларнинг бирданига очилиши натижасида ҳосил бўлади. 2. Сирғалувчи товушларни талафуз қилганда нутқ органлари ҳаво йўлини тўсади-ю, лкин орада қолган кичики тирқишдан ҳаво сиқилиб сирғаниб чиқади. с, з фонемларини талаффуз қилганда шундай ҳолат содир бўлади. Натижада сирғалувчи товушлар ҳосил бўлади: в, т, з, ш, ж, х, ғ, ф, й. III. Товуш пайчаларининг иштирокига кщра ундошлар иккига бщлинади: 1. жарангли ундошлар: б, в, з, д, ж, дж, г, -, й, м. н 2. жарангсиз ундошлар: п, ф, с, т, ш, ч, ц, к, қ, х, ҳ. Ундошларнинг жарангли ва жарангсизларга ажратишнинг сабаби шуки, жаранглиларни талаффуз қилганди, товуш пайчалари иштирок қилиб, таранглашади (тортилади) ва улар орасидаги тор оралиқдан ўтаётган ҳаво оқими товуш пайчаларини титратиб ўтади.
Жарангсизларни талаффуз қилганда эса (уларда овоздорлик сезилмайди, чунки улар фақат шовқиндан иборат) товуш пайчалари таранглашмайди ва улар орасидан ўтаётган ҳаво оқими товуш пайчаларини титратмай ўтади. Жаранглиларни талаффуз қилишда овоз ҳам иштирок этади. Шу сабабдан энг овоздор ундошлардан бўлган сонорлар ҳам жаранглиларга қўшилади. Жарангсиз ундошларда эса овоз иштирок этмайди, улар фақат шовқиндан иборат бўлади. Жарангли ва жарангсиз ундошларни бир-биридан фарқлашда учта асосий йўл бор: 1) Жарангли ундошлар жарангсиз ундошлардан эшитилишига қараб фарқланади. Жаранглиларни талаффуз қилганда жаранглашиш сезилади. Шовқинли ундошга овоз (ун) қўшилади лекин овоз миқдори шовқинга нисбатан камроқ бўлади. Жарангсизларни талаффуз қилганда эса уларда овоздорлик сезилмайди, чунки улар фақат шовқиндан иборат бўлади. 2) Жарангли ундошларни жарангсизлардан фарқ қилиш учун қуйидагича тажрибадан фойдаланиш мумкирн: кўрсаткич бармоқнинг учи томоқдан товуш пайчаларига аста қўйиб турилади вп ундошлар соф ҳолда талаффуз қилинади. Бунда жаранглилар талаффузи вақтида товуш пайчалари таранглашиб (тортилади) ҳаракатга келганини (титраганлигини) сезиш мумкин.
Жарангсизларни талаффуз қилганда бундай ҳол бз бермайди. 3) Жаранглиларни жарангсизлардан фарқлаш учун икки қўлнинг кафти билан қулоқларни беркитиб, ундошларни соф ҳолда талаффуз қилиш керак. Ана шунда жарангли ундошлар талафузида жарангдорлик, жарангсиз ундошлар талаффузида жарангдорлик, жарангсиз ундошлар талаффузида эса шовқин эшитилади. IV. Овознинг иштирокига кўра ундошлар сонорлар ва шовқинлиларга бўлинади. Сонорларда овоз анча кўп бўлади. Шунинг учун ҳам улар ундошлар ичида овозлироқ бўлиб, унлиларга яқин туради. Лекин қисман шовқин иштирок этгани учун сонорлар ундош ҳисобланади. Ўзбек тилида сонорлар берша: м, н, нг (н), л, р. Қолган ундошларнинг ҳаммаси шовқинлилар ҳисобланади. Демак, шовқинлилар қаторига жарангсизлар ва сонор бўлмаган жаранглилар ҳам киради. Бошқача айтганда, жаранглиларнинг энг овоздори, яъни 5 таси сонор бўлиб, қолган қисми жарангсизлар билан қўшилган ҳолда шовқинлиларни ташкил қилади. V. Тузилишига кўра ундошлар соф ва қоришиқ бўлади.
Ўзбек тилида учта қоришиқ ундош бор. Шулардан ч ва ж(дж) ўзбек тилининг ўз қадимий қоришиқ товушларидан бўлиб ц товуши эса ўзбек тилига кейинга вафтларга рус тилидан ўзлашган. Бу ундошлар қоришиқ деб аталишига сабаб шуки, улар тарихан икки товушнинг бирикувидан иборат бўлиб, бир портловчи ва бир сирғалувчи товушни ўз ичига олади. Демак, у нутқ органларининг асосан бир ерида пайдо бўлган, ажратилмай айтиладиган товушни билдиради. Кейинга пайтда улар бир қўшалов товушга айланиб кетган.
Юқорида айтилганидек ўзбек тилида пайдо бўлиш усулига кўра, бурун, ён ва тироқ ундошлари ҳам ажратилади. Бурун товушлари м, н, нг(н). Бу товушлар ҳаво оқимидан бир қисмининг талаффуз вақтида бурун бўшлиғидан эркин ўтиши натижасида ҳосил бўлади. Ён товуш: л. Бу товуш ҳаво оқими тилнинг икки ёнидан ўтиши натижасида ҳосил бўлади. Титроқ товуш: р. Бу товуш тил учининг қатттиқ танглайга тегар-тегмас титраб туриши натижасида ҳосил бўлади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
- Неъматов Ҳ., Ғуломов А. Мактабда тил сатҳларини ўзаро боғлаб ўрганиш. —Т., 1992.
- Ғуломов А. Она тили дарсларида активлик принципини амалга оширишнинг назарий асослари. Т., 1989.
- Неъматов Ҳ., Ғуломов А., Зиёдова Т. Ўқувчиларнинг сўз бойлигини ошириш. Т., 1997.
- Ғуломов А., Қобилова Б. Нутқ ўстириш машғулотлари. Т., «Ўқитувчи», 1995.
- Муҳиддинов Ғ. Ўқув жараёнида нутқ фаолияти. Т., «Ўқитувчи», 1995.
- Ғуломов А., Шукуров А. Она тили дарсларида ўқувчиларнинг мустақил ишларини ташкил этиш. Т., «Ўқитувчи», 1989.
- Нурмонов А., Расулов Р. Ўзбек тили жадвалларда. Т., «Ўқитувчи», 1992.
- Абдураҳмонов Ғ. Пунктуацияни ўқитиш методикаси. Т., «Ўқитувчи», 1968.