Нутқ ва уни ўстириш тушунчаси. Нутқ — киши фаолиятининг тури, тил воситалари (сўз, сўз бирикмаси, гап) асосида тафаккурни ишга солишдир. Нутқ ўзаро алоқа ва хабар функциясини, ўзаро фикрни ҳис-ҳаяжон билан ифодалаш ва таъсир этиш вазифасини бажаради. Яхши ривожланган нутқ жамиятда кишининг актив фаолиятининг муҳим воситаларидан бири сифатида хизмат қилади.Ўқувчи учун эса нутқ мактабда муваффақиятли таълим олиш қуролидир.

Нутқ ўстириш нима? Агар ўқувчи ва унинг тилдан бажарган ишлари кўзда тутилса, нутқ ўстириш деганда, тилни ҳар томонлама (талаффузи, луғати, синтактик қурилишини, боғланишли нутқни) актив амалий ўзлаштириш тушунилади. Агар ўқитувчи кўзда тутилса, нутқ ўстириш деганда, ўқувчилар тилнинг талаффузи, луғати, синтактик қурилиши ва боғланишли нутқни муҳим актив эгаллашларига ёрдам берадиган метод ва иш турларини қўллаш тушунилади.

Нутқ фаолияти учун, шунингдек, ўқувчилар нутқини ўстириш учун бир неча шартга риоя қилиш зарур: 1. Киши нутқининг юзага чиқиши учун талаб бўлиши керак. Ўқувчилap нутқини ўстиришнинг методик талаби ўқувчи ўз фикрини, ниманидир оғзаки ёки ёзма баён хоҳиши ва заруриятни юзага келтирадиган вазият яратиш ҳисобланади, 2. Ҳар қандай нутқнинг мазмуни, материали бўлиши лозим. Бу материал қанчалик тўлиқ, бой, қимматли бўлса, унинг баёни шунчалик мазмунли бўлади. 3. Фикр тингловчи тушунадиган сўз, сўз бирикмаси, гап, нутқ оборотлари ёрдамида ифодалансагина тушунарли бўлади. Шунинг учун нутқни муваффақиятли ўстиришнинг учинчи шарти — нутқни тил воситалари билан қуроллантириш ҳисобланади.

Нутқни эгаллашнинг қатор аспектлари мавжуд. Булар: 1. Адабий тил нормаларини ўзлаштириш. 2.Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун зарур бўлган муҳим нутқ малакаларини, яъни ўқиш ва ёзиш малакаларини ўзлаштириш. 3. Ўқувчилар нутқ маданиятини такомиллаштириш. 49 Нутқ ўстиришда уч йўналиш аниқ ажратилади: 1) сўз устида ишлаш; 2) сўз бирикмаси ва гап устида ишлаш; 3) боғланишли нутқ устида ишлаш. Сўз, сўз бирикмаси ва гап устида ишлаш учун лингвистик база бўлиб лексикология (фразеология ва стилистика билан биргаликда), морфология, синтаксис хизмат қилади; боғланишли нутқ эса мантиққа, адабиётшунослик ва мураккаб синтактик бутунлик лингвистикасига асосланади. Нутқ ўстиришда изчиллик тўрт шартни, яъни изчиллиги, истиқболи, хилма-хиллиги, хилма-хил турларини умумий мақсадга бўйсундириш кўникмасини ошириш билан таъминланади. Нутқ турлари. Кишилар тилдан фикр баён қилиш қуроли сифагида фойдаланадилар. Улар ўз фикрларини овоз билан эшиттириб баён қилишдан олдин у ҳақда ўйлаб оладилар. Бу ички нутқ ҳисобланади. Ички нутқ эшиттирилмаган ва ёзилмаган, «ўйланган» (фикрланган) нутқдир. Ташқи нутқ товушлар ёрдамида эшиттирилиб ёки график белгилар билан ёзилиб, бошқаларга қаратилган нутқдир. Ички нутқ материални тушуниш ва ёдда сақлашга ёрдам беради. Фикрни ифодалаш усулига кўра нутқ оғзаки ва ёзма бўлади. Оғзаки нутқ кўпинча диалог тарзида, ёзма нутқ эса монолог тарзида бўлади. Ўқувчилар нутқига қўйилган талаблар. Ўқувчилар нутқини ўстиришда аниқ белгиланган бир қатор талабларга риоя қилинади. 1. Ўқувчилар нутқи мазмундор бўлсин. 2. Нутқда мантиқийлик бўлсин. 3. Нутқ аниқ бўлсин. 4. Нутқ тил воситаларига бой бўлсин. 5. Нутқ тушунарли бўлсин. 6. Нутқ ифодали бўлсин. 7. Нутқ тўғри бўлсин. 8. Нутқ маданиятли бўлсин. Нутқ ўқувчилар тафаккурини ўстиришда муҳим воситадир. Нутқ фикрни баён этиш воситаси бўлибгина қолмай, уни шакллантириш қуроли ҳамдир. Фикр нутқнинг психологик асоси вазифасини бажаради, уни ўстириш шарти эса фикрни бойитиш ҳисобланади. Ақлий фаолият системасини эгаллаш асосидагина нутқни муваффақиятли ўстириш мумкин. Шунинг учун ўқувчилар нутқини ўстириш материални тайёрлаш, такомиллаштириш, мавзуга оидини танлаш, жойлаштириш, мантиқий операцияларга катта аҳамият берилади. Тафаккур тил материали ёрдамида нутқий шакллантирилса ва баён этилсагина муваффақиятли ўсади. Тушунча сўзлар ёки сўз бирикмалари билан ифодаланади, шундай экан, тушунча тил воситаси бўлган сўзда муҳим алоқа материалига айланади. Киши тушунча ифодалайдиган сўз (сўз бирикмаси) ни билсагина, шу тушунчага асосланган ҳолда, ташқи нутқда фикрлаш имконига эга бўлади.

Нутқда фикр шакллантирилади, шу билан бирга, фикр нутқини яратади. «Нутқ тафаккур билан чамбарчас боғлангандир. Нутқ бўлмаса, тафаккур ҳам бўлмайди, тил материали бўлмаса, фикрни ифодалаб бериб бўлмайди». Фикрни нутқий шакллантириш унинг аниқ, тушунарли, соф, изчил, мантиқий бўлишини таъминлайди. Тилни эгаллаш шу тилнинг фонетикасини, луғат составини, грамматик қурилишини билиб олиш, фикрни такомиллаштириш учун, тафаккурни ўстириш учун шарт-шароит ҳозирлайди. Билимлар, фактлар, ҳар хил ахборотлар тафаккурнинг ҳам, нутқнинг ҳам материалидир. Нутқ тафаккур жараёнини ўрганишнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилади.

Нутқдан ўқувчинииг фикрий ривожининг асосий ўлчовларидан бири сифатида фойдаланилади. Ўқувчининг барча предметлардан материални ўзлаштириши ва умумий ақлий ривожланиши ҳақида фикр юритганда, у ёки бу мавзуни бола ўз нутқида (ёзган иншосида, ахборотида, қайта ҳикоялашда, саволларга берган жавобида) қандай баён эта олишига қаратилади. Шундай қилиб, нутқни тафаккурдан ажратиб бўлмайди, нутқ тафаккур асосида ривожланади; фикр нутқ ёрдамида пишиб етилади, юзага чиқади. Иккинчи томондан, нутқнинг ўсиши фикрни шакллантиришга ёрдам беради, такомиллаштиради.

Иккинчи томондан, нутқнинг ўсиши фикрни шакллантиришга ёрдам беради, такомиллаштиради. Ўқувчилар нутқини ўстиришнинг машғулотнинг бошқа турлари билан боғлиқлиги. Ўқувчилар нутқини ўстириш бошқа ўқув предметларидан ўтказиладиган машғулотлар билан ҳам узвий равишда боғланади. Она тили дарсларида ўқувчилар тил ёрдамида табиат ва кишилар ҳаёти ҳақида билим оладилар; улар кузатишни, ўйлашни ва кўрганлари, эшитганлари, ўқиганлари бўйича тўғри баён қилишни ўрганадилар. Она тили дарслари болалаp луғатини бойитишга самарали ёрдам беради, нутқни тузишни ўргатади. Ўқиш дарси ва у билан боғлиқ ҳолда олиб бориладиган экскурсия ўқувчиларга табиат ҳодисалари, кишилар ҳаёти ва меҳнати ҳақида, ахлоқ қоидалари, бошқа кишилар билан муомала нормалари ҳақида билим беради; бу дарсда ўқувчи нутқига, уни шакллантириш ва ўстиришга кенг имконият мавжуд. Грамматика ва тўғри ёзув дарсларида тилни махсус ўрганиш билан болалар алоҳида товуш, бўғин, сўз ва гапларни эшитишга ва айтишга ўрганадилар. Улар предмет, ҳаракат, белги билдирган кўпгина сўзларни, шунингдек, товуш, ҳарф, бўғин, ўзак, сўз, cўз ясовчи, форма ясовчи, қўшимча, сўз туркуми, от, сифат, сон, феъл, олмош, боғловчи, гап, гап бўлаги, бош бўлак, иккинчи даражали бўлак, дарак гап, сўроқ гап, ундов гап; турланиш, бош келишик сингари жуда кўп янги терминларни билиб оладилар.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. К.Қосимова «Бошланғич синфларда она тили ўқитиш методикаси», «Ўқитувчи», 1985. 60
  2. М.Юсупов «Ўқиш ва ёзув дарсларининг самарадорлигини ошириш», «Ўқитувчи». — 1999 й.
  3. М.Умарова. Баёнлар тўплами. «Ўқитувчи» 1997.
  4. 2-3-4- синф она тили дарсликлари.
  5. 2-3-4- синфда она тили дарслари методик қўлланмаси «Ўқитувчи».