Умумий ўрта таълим мактабларида тасвирий санъат ўқув предметининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ва таълимнинг давлат стандартларига асосланган ҳолда таълим мазмуни аниқланади. Тасвирий санъат дастурида унинг қуйидаги беш тури белгиланган:

1.Борлиқни идрок этиш (1-4 синфларда). 2. Бадиий қуриш-ясаш (1-4 синфларда). 3. Санъатшунослик асослари (5-7 синфларда). 4. Натурага қараб тасвирлаш (1-7 синфларда). 5. Композицион фаолият (1-7 синфларда).

Борлиқни идрок этиш ўқувчиларнинг эстетик идроки, диди, мазкур соҳага доир тушунчалари, тасаввур ва хотираларни ўстиришда муҳим роль ўйнайди. Борлиқни идрок этиш машғулотлари одатда мавзули композицияларни бажаришдан олдин ўтказилиб, унда табиатдаги ва теварак-атрофдаги нафислик ва гўзалликни кўра билиш, идрок этиш натижасида олинган тассуротлардан амалий бадиий-ижодий фаолиятларда фойдаланиш назарда тутилади. Шунингдек, табиатга қилинган саёҳат жараёнида зарур ҳолларда айрим объект ва ҳодисаларни қалам, бўёқ ва бошқа бадиий материаллар ёрдамида хомаки расмлари ҳам ишланади.

Бундай дарсларда болалар синф ва синфдан ташқарида ўсимликлар, ҳайвонлар, қушлар, балиқларни кузатадилар, табиатнинг турли фасллардаги кўринишлари, кафияти (қувончли, ғамгин, ўйчан ва ҳоказо) ҳақида тасаввурга эга бўладилар. Бошлангич синфларда борлиқни кузатиш ва улар ҳақидаги суҳбатлар ўқувчиларга ҳаётдаги баъзи бир ҳодисаларни кенгроқ билиб олишга ёрдам беради. У нарсаларнинг шакли, тузилиши, ранги кабиларни маълум миқдорда таҳлил қилиш ва умумлаштиришдек муҳим сифатларни ўстиришга ҳам имкон беради.

Табиат ва борлиқни кузатиш жараёнида болаларни уни севишга, асрашга ўргатилади. Табиатга қилинган саёҳатларда уларнинг айрим жиҳатлари фаслларга боғлиқ ҳолда ўзгариб туришлиги болаларга тушунтирилади. Шунингдек, бунда болаларни фазозий тасаввурлари ҳам ўстирилади ва планлик, чизиқли ва ҳаво перспективасига қам эътибор берилади. Борлиқни кузатиш бевосита тасвирий ижодий фаолият билан боғлиқ эканлиги, борлиқни билмасдан туриб сифатли тасвирий ишларни бажариш мумкин эмаслиги болалар онгиги етказилади.

Борлиқни идрок этиш машғулотларини вазифаларига риоя қилган ҳолда қуйидаги мазмунда машғулотлар ўтказиш назарда тутилади: 1. Куз, қиш, баҳор фаслларида табиатни ўзига хос хусусиятларини ўрганиш; 2. Гуллар, ҳашоратлар, декоратив балиқ ва қушларни кузатиш: 3. Табиат мўъжизалари, баҳорги ва кузги ишлар билан танишиш в.б.

Юқорида қайд қилинганидек, бундай машғулотлардан мақсад болаларни борлиқни билиш, ундаги нарса ва ҳодисаларни ўзига хос хусусиятларини, айниқса, тузилиши, шакли, ранги, ўлчовлари, ўлчов нисбатлари, фазовий ҳолатлари, уларни йил фаслларига қараб ўзгаришларини англаб етишларига эришишдан иборатдир. Ўрганиш зарур бўлган объектларни натурадан кузатишнинг имкон бўлмаган тақдирда ўқитувчи дарсда болаларни санъат асарларининг репродукциялари, слайдлари, фото нусҳаларини намойиш этиш орқали ўз мақсадига эришади.

Бошланғич синф тасвирий санъат дарсларида ўқувчиларнинг қизиқишлари ва ижодкорликларини ошириш ва рассомчиликда ишлатиладиган турли материаллар билан кенгроқ таништириш мақсадида бадиий қуриш-ясаш ишлари ҳам олиб борилади. Тасвирий фаолиятнинг бу қизиқарли тури учун дастурда алоҳида соатлар ажратилган бўлиб, улар машғулотлар мазмунини янада бойитади. Қуриш-ясаш учун асосан уч хил материаллардан фойдаланиш назарда тутилади:

1.Бадиий материаллар (рангли қоғозлар, фольга, гулқоғозлар, пластилин, лой в.б.).

2.Табиий материаллар (дарахт барглари, шохлари, илдизлари, пўстлоғлари, мева ва сабзавотларнинг уруғлари, рангли тошчалар, буғдой ва арпа поялари в.б.).

3.Ташландиқ материаллар (ичимлик ва дори дармондан бўшаган синтетик идишлар, гугурт қутичалар, пўкак, пенопласт, идиш қопқоқлари) в.б.

Бадиий қуриш-ясаш машғулотларида болаларни қайчи билан ишлаш, клей ёрдамида елимлаш, қоғозларни нарсалар шаклига мос ҳолда буклаш, ўраш, айрим бадиий ташландиқ ва табиий материалларни бир-бирларига яқинлаштириш, қўшиш орқали тасвир яратиш каби малакалар ҳосил қилинади. Бу малакаларни ҳосил қилиш бошланғич синфлар дастурида бир қатор топшириқларни бажаришни назарда тутади. Улар қуйидагилардан иборат:

Турли шаклдаги қаламдон, қутича, ҳаво шари, байроқча, чойнак, лаган, машина, самолёт, ракета ва шу каби нарсаларни рангли қоғоз ва картондан тасвирини ясаш; ҳашоратлар — тилла қўнғиз, ниначи, капалак в.б.ларни рангли қоғозларни қирқиш орқали ҳосил қилиш; рангли қоғозларни қирқиш, буклаш ва елимлаш йўли билан осма ўйинчоқлар тайёрлаш; табиий материаллар ёрдамида балиқ, ҳашорат, қуш, ҳайвонларнинг тасвирларини ҳосил қилиш; рангли қоғоз, бадиий ва ташландиқ материаллардан аппликация, коллаж, папье-машье, аралаш усулда мазмунли композициялар (масалан, «Кўчада», «Космодромда»,) ишлаш; ташландиқ материаллар-сим, ип, каноп, газлама парчалари, пласмасс идишлар, гугурт қутичалари, пўкак, пенопласт, идиш қопқоқлари ёрдамида унча мураккаб бўлмаган транспорт (қайиқча, пирпирак, машина, трактор в.б.), қушлар (қалдирғоч, тўти, ғоз, чумчуқ, лайлак, ўрдак, саъва в.б.), ҳайвонлар (тулки, бўри, қуён, айиқ, йўлбарс, ит, шер в.б.) нинг ўйинчоқ тасвирларини ишлаш; қуритилган барглар, рангли қоғозлар, шохлар ёрдамида очилган гул, гуллаган дарахт шохчаси тасвирини тайёрлаш в.б.

Бадиий қуриш-ясаш ишларида энг муҳим вазифалардан бири бадиий, ташландиқ материалларнинг ўзига хос жиҳатларини (қаттиқ, юмшоқ, мўрт, эгилувчан, оғир, енгил, оч, тўқ, в.б.) билиш ҳамда улар билан ишлаганда ўлчов ва ўлчов нисбатларини, тузилиши, шакли рангларини тўғри белгилаш талаб этилади.

Шунингдек, қуриш-ясаш ишларида қўлланадиган ўқув қуроллари ва материалларни билиш, табиий, бадиий, ташландиқ материалларни бир-бирларидан фарқлай олиш ҳам талаб этилади.

Нарсалар шаклини кўра олиш ҳам бадиий фаолиятнинг бу тури вазифасига киради. Бундай ишларни бажарганда иш жойини озода батартиб тута билишга ҳам ўргатилади.

Санъатшунослик асослари бўлими ўқув предметининг муҳим қисмларидан биридир. У дастурда 5-7 синфларда мустақил бўлим сифатида ўзининг ўқув вазифалари тизимига эга ва у тасвирий, амалий-безак, меъморчилик санъатлари материалларидан ташкил топади. Мазкур бўлимнинг мақсади ўқувчилар томонидан санъат асарларини онгли идрок этиш ва баҳолаш, унинг жамият ва одамлар ҳаётидаги аҳамиятини тушунишга ёрдам беришдан иборатдир.

Санъатшунослик асослари бўлими ўқувчи шахсининг эстетик ривожига кўмаклашиб, уни жаҳон маданиятининг буюк дурдоналари ва санъат асарлари орқали теварак-атрофдаги ҳаёт гўзалликлари билан таништиради, бадиий дидини шакллантиради, санъатни севишга ўргатади.

Ўқувчилар билан санъатшунослик асослари бўйича ўтказиладиган машғулотларда улар мумтоз маданий мерос билан таништириб борилади, унинг буюк анъаналари ва санъатнинг ҳалқ учун хизмат қилиши, санъатдаги турли оқимлар ва йўналишлар тўғрисида тушунчалар ҳосил қилинади.

Тасвирий ва амалий санъат асарларини идрок этишга оид ўқув материаллари ўқувчиларнинг амалий ишлари билан боғлангандир. Санъат асарларининг нусҳаларини болаларга кўрсатиш ва уларнинг таҳлили ўқувчиларда санъатга қизиқиш уйғотади ва уларни шу соҳага йўллайди. Асарларни намойиш этишда болалар унда ифодаланган ғоя, асосий фикр ва қўлланилган бадиий-тасвирий воситалар билан таништирилади.

Декоратив-амалий санъатга доир санъатшунослик асослари дарсларида амалий-безак санъати, ҳалқ амалий-безак санъати, ўзбек ҳалқ амалий-безак санъати, либослар, ўзбек ва чет эл ҳалқларининг миллий либослари ҳақида билимлар бериш, ҳалқ усталари ишлатадиган иш қуроллари ва материаллари билан таништириш назарда тутилади. Бундай дарсларда Тошкентдаги ҳалқ амалий санъати музейи ва Республикамиздаги ҳалқ амалий санъати ривож топган марказлар, ўзбек ҳалқ амалий санъатининг машҳур номоёндалари ҳисобланган Уста Ширин Мурадов, Ота Полвонов, +амро Рахимова кабилар ҳақида ҳам суҳбатлар ўтказиш режалаштирилган.

Меъморчилик санъати борасида эса меъморчилик санъати ва уни атроф-муҳит билан боғлиқлиги, меъморчиликда гўзаллик, мақсадга мувофиқлик ҳақида тушунчалар бериш, индивидуал ва ижтимоий меъморчилик, уларинг турлари билан таништириш, биноларнинг вазифаси ва уларнинг эстетик ечимининг ўзаро боғлиқлиги, фасад ва интеръердаги декоратив безакларнинг характери, меъморчиликда қўлланиладиган асосий атамалар ҳақида фикр юритилади. Биноларнинг ташқи ва ички бадиий безакларининг характери, уларда ишлатиладиган материаллар билан ҳам таништирилади.

Бу вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон худудидаги энг қадимги меъморчилик обидалари, Ўзбекистон IX-XIX аср меъморчилиги, Шарқ ва ғарб мамлакатларида Уйғониш даври меъморчилиги, Ўзбекистон ва жаҳоннинг ҳозирги замон илғор меъморчилиги юзасидан машғулотлар олиб борилади.

Тасвирий санъатдан давлат таълим стандартларида қайд қилинганидек, болаларга санъатшунослик асосларидан қуйидагилар ҳақида билимлар беришни назарда тутади:

1.Тасвирий санъат-санъатнинг бир тури эканлиги ва унинг кишилар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти. Ўзбекистон худудида тасвирий санъатнинг тараққиёти (Афрасиоб, Варахша, Тупроқ қалъа в.б. жойлардан топилган тасвирий санъат намуналари). Тасвирий санъатнинг турлари (рангтасвир,графика, ҳайкалтарошлик) ва жанрлари (манзара, турмуш, натюрморт, портрет, тарихий, батал, анимал, афсонавий, марина). Рангтасвир турлари-дастгоҳли рангтасвир, монументал рангтасвир, миниатюра рангтасвири. Рангтасвир техникаси-фреска, мозаика, витраж.

2. ҳайкалтарошлик турлари-дастгоҳли ҳайкалтарошлик, декоратив ҳайкалтарошлик, монументал ҳайкалтарошлик; Рельеф (барельеф, горельеф); юмалоқ ҳайкаллар.

3.Графика турлари-дастгоҳли графика, эстамп, плакат, китоб графикаси; газета-журнал графикаси; тарғибот ва ташвиқот графикаси; этикетка, упаковка, в.б.

4.Моварауннаҳр миниатюра мактаби; Шарқ миниатюра мактаблари. Европада Уйғониш даври тасвирий санъати; Ўзбекистоннинг ҳозирги замон тасвирий санъати; Жаҳоннинг ҳозирги замон илғор тасвирий санъати; жаҳон тасвирий санъатидаги асосий оқимлар; дунёнинг энг йирик тасвирий санъат музейлари; Ўзбекистоннинг энг йирик тасвирий санъат музейи. Жаҳонга машҳур энг буюк рассомларнинг ҳаёти ва ижоди (Камолиддин Беҳзод, Леонардо да Винчи, Ўрол Тансиқбоев, Чингиз Ахмаров в.б.).

Натурага қараб расм ишлаш машғулотлари нарсаларнинг тузилиши, шакли, ранги, ўлчовлари, уларнинг характерли, типик белгиларини билиш имконини беради. Шу орқали болаларда кузатувчанлик, хотира, эстетик дид, образли тафаккур каби энг муҳим тасвирий малакалар шакллантирилади ва ривожлантирилади. Улар тик, ётиқ, оғма, эгри, тўлқинсимон чизиқларни чизиш, бўёқлар билан тегишли юзани бир меёрда бўяш, оч тусдан тўқ тусга ва аксинча тўқдан очга ўтиш, ўқувчилар тўғри ва эгри чизиқларни тенг бўлакларга бўлиш малакаларни ўзлаштирадилар. Чизилаётган расм мазмунидан келиб чиққан ҳолда қоғоз форматини тўғри танлашни ҳамда расмни қоғозда композицион жиҳатдан тўғри жойлаштиришни ўрганадилар. Шунингдек, расмни босқичлар асосида ишлашни ўзлаштирадилар.

Натурага қараб расм ишлаш машғулотларида ўқувчилар мўйқалам, рангли қаламлар, акварел, гуашь бўёқлари билан ишлаш йўлларини ўрганадилар, имкони бор жойларда кўмир (уголь), соус, пастел, сангина каби материаллар билан ҳам иш олиб борадилар.Амалий ишларда одам, ҳайвон, қушлар гавдасининг тузилиши, улар қисмларининг ўлчов нисбатлари, шаклларини тўғри акс эттириш малакалари такомиллаштирилади. Ёруғсоя, рангшунослик, перспектива, композиция юзасидан назарий маълумотлар бериш билан бир қаторда ўзига қараб алоҳида ва натюрморт ишлаш юзасидан амалий ишлар бажарилади.Тасвирлаш жараёнида натурани таҳлил қилиш, уларнинг қисмларини бир-бири билан таққослаш, умумлаштириш кабилар расм ишловчининг эътибор марказида бўлади. Бунда, айниқса, чизиқлар равонлиги, рангларнинг нафис ва мутаносиблиги, ифодаланган гўзалликни зеҳнлаб тасвирлай олишга алоҳида эътибор берилади.

АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури. // Баркамол авлод Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори.-Тошкент: Шарқ, 1997.
  2. Умумий ўрта таълим мактабларида тасвирий санъат таълими концепцияси.-Тошкент, 1995.
  3. Тасвирий санъат. Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти ва ўқув дастури.-Тошкент: Шарқ, 1999.
  4. Азимова Б. Натюрморт тузиш ва тасвирлаш методикаси.—Тошкент: Ўқитувчи, 1984.
  5. Бойметов Б. , Толипов Н. Мактабда тасвирий санъат тўгараги. Тошкент, 1995.
  6. Булатов С. Амалий санъат қисқача луғати.-Тошкент: +БМ, 1992.
  7. Булатов С. Ўзбек халқ амалий безак санъати.—Тошкент: Меҳнат, 1994.