Илмий техник тараққиёт ХХ аср охирига келиб фақатгина кўплаб ишлаб чиқариш соҳаларини технологиялаштиришга сабаб бўлиб қолмай, балки маданият соҳасига, гуманитар билимлар соҳаларига ҳам кириб келди. Бугунги кунда биз энди ахборот, тиббиёт технологиялари ҳақида гапирамиз, шу жумладан таълим соҳасида ҳам.«Технология» тушунчаси техник тараққиёт сабабли юзага келди ва луғатлар талқини бўйича (techne санъат, ҳунар, фан; logoқ — тушунча, таълимот) материалларга ишлов бериш усуллари ва воситалари ҳақидаги билимлар тўплами демакдир.

Технология шу билан бирга жараённи билиш санъатини ҳам ўз ичига олади. Технологик жараён ҳар доим зарур воситалар ва шароитлардан фойдаланиш билан операциялар маълум кетма-кетлигини кўзда тутади. Технология процессуал мазмунда «қандай қилиб, нимадан ва қайси воситалар билан бажариш керак?» деган саволга жавоб беради.

«Педагогик технология» тушунчаси ўқитиш назариясидан кейинги пайтларда янада кенгроқ тарқалди.ХХ асрнинг 20-йилларида «педагогик технология» термини биринчи бор педагогика бўйича асарларда тилга олинган. Шу вақтнинг ўзида яна бир бошқа — «педагогик техника» термини ҳам тарқалди. У педагогик энциклопедияда 30-йилларда ўқув машғулотларини аниқ ва самарали ташкил этишга қаратилган услублар ва воситалар сифатида ифодаланган. Педагогик технологияларга ўқув ва лаборатория ускуналари билан ишлаш, кўргазмали қўлланмалардан фойдаланиш маҳоратлари ҳам киритилган.

Ўтган асрнинг 40-50-йилларида, ўқитиш — ўқув жараёнларига техник воситаларни татбиқ этиш бошланганида, «таълим технологияси» термини пайдо бўлди, у кейинги йиллар давомида «педагогик технологияга» айлантирилди. 60-йиллар ўрталарида бу тушунчанинг мазмуни чет элларда педагогик нашрларда ва халқаро конференцияларда кенг муҳокама этилди, натижада ушбу соҳада турли мамлакатларда (АҚШ, Англия, Япония, Франция, Италия, Венгрия) уни талқин қилиш даражасига қараб икки йўналиши белгиланди. Биринчи йўналиш тарафдорлари техник воситалар ва дастурлаштирилган ўқитиш воситаларини қўллаш зарурлигини таъкидладилар (technology in education).

Иккинчи йўналиш тарафдорлари эса ўқув жараёнини ташкил этиш самарадорлигини ошириш ва педагогик ғояларнинг техниканинг кескин ривожланишидан ортда қолишини йўқотиш муҳим деб ҳисобладилар. Шундай қилиб 1-йўналиш «ўқитишда техник воситалар» сифатида белгиланди, биз бироз кейинроқ юзага келган 2-йўналиш «ўқитиш технологияси» ёки «ўқув жараёни технологияси» сифатида белгиланди. 70-йилларнинг бошларида турли хилдаги ўқув ускуналарини ва ўқув воситаларини модернизациялаштириш зарурлиги англаб етилди. Буларсиз ўқитишнинг сифатлилиги ва самарадорлигига эришиб бўлмас эди.60-йиллар ўрталари ва 70-йилларнинг бошларида АҚШ, Англия, Япония, Италия каби юксак ривожланган давлатларда педагогик технологиялар масалалари билан шуғулланувчи журналлар нашр этилар эди, кейинчалик бу муаммо билан ихтисослаштирилган ташкилотлар ва марказлар шуғуллана бошлайди. Педагогик технология деб одатда мақсади таълим жараёнининг самарадорлигини ошириш, таълимда кўзланган натижаларга эришиш бўлган чет эл педагогикасининг йўналишига айтилади (М. Кларин, 1989) миллий педагогик адабиётларда бундай ҳолларда ўқитишнинг дидактикаси ёки методикаси ҳақида гапирадилар, бироқ «технология» термини ҳозирги кунда жуда кенг тарқалган. «Педагогик технология» сўз бирлиги — бу инглизча «an educational technology» —"таълим технологияси" иборасининг аниқ бўлмаган таржимасидир. «Педагогик технология» тушунчаси охирги пайтларда ўқитиш назариясида янада кенгроқ тарқалиб келмоқда. Айнан ана шу мазмунда «технология» термини ва унинг «ўқитиш техологияси», «таълим технологияси», «таълимда технология» шакллари педагогик адабиётларда фойдаланила бошланди ва муалифлар таълим-технологик жараёнининг тузилиши ва ташкил этувчиларини қандай тасаввур этишларига қараб кўплаб ифодаларга эга бўлдилар (уч юздан ортиқ).«Педагогик технология» термини биринчи бор педагогика бўйича ишларда — ХХ асрнинг 20-йилларида тилга олинган. Ҳозирги кунда педагогик технология тушунчасини турлича ифодалаш мумкин:

1. Технология — бу бирон-бир ишда, маҳоратда, санъатда қўлланиладиган услублар тўпламидир (талқинли луғат).

2. Педагогик технология — бу ўқув жараёнини амалга ошириш мазмунли техникасидир (В.П. Беспалько).

3. Педагогик технология — бу ўқитишда режалаштирилган натижаларга эришиш жараёнини тасвирлашдир (И.П. Волков). 4. Педагогик технология — бу ўқитиш, тарбиявий воситалар, шакллари, методлари, усул, услубларининг махсус тўплами ва тузилишини белгиловчи психологик-педагогик кўрсатмалар йиғиндиси, у педагогик жараённинг ташкилий методик қуроли демакдир (Б.Т. Лихачев).

5. Педагогик технология — бу таълим шаклларини оптималлаштириш масаласини қўювчи, техник ва инсоний имкониятларни ва уларнинг ўзаро муносабатларини ҳисобга олиб ўқитиш ва билимларни ўзлаштириш жараёнини яратиш, қўллаш ва белгилашга системали ёндашишдир (ЮНЕСКО).

6. Технология — бу санъат, маҳорат, моҳирлик, ишлаб чиқиш методлари тўплами, ҳолатини ўзгартиришдир (В.М. Шепель).

7. Ўқтиши технологияси — бу ўқувчилар ва ўқитувчилар учун сўзсиз қулай шароитлар яратиб бериш билан ўқув жараёнини лойиҳалаштириш, ташкил этиш ва олиб бориш бўйича ҳар томонлама ўйлаб чиқилган ҳамкорликдаги педагогик фаолият моделидир (В.М.Монахов).

8. Педагогик технология — бу педагогикада фикрлашнинг системали усулидир (Т.Сакамото).

9. Педагогик технология — ўқув жараёнининг ташкилий шакли, методлари,

мазмунини ўзгартирувчи унинг ривожланиш янги системасидир (Э. Бистереки ва Ж.Целлер).

10. Педагогик технология педагогик мақсадларга эришиш учун фойдаланиладиган ҳамма шахсий, инструментал ва методологик воситаларни системали тўплами ва ишлатилиш тартибини билдиради (М.В.Кларин).

11. Педагогик технология — бу таълим мақсадига эришишга қаратилган ўқитувчи ва ўқувчининг фаолиятини системали, коцептуал, қоидали, объективлаштирилган, инвариант тасвирлашдир (Ф.А.Фрадкин).

12. Педагогик технология билимларни эгаллашда режалаштириш, бошқариш ва таъминлашни тахлил қилиш учун фаолиятни ташкил этиш усулини, одамлар, ғоялар, воситаларни ўз ичига олувчи комплекс интеграл жараён демакдир (Педагогик коммуникациялар ва технологиялар бўйича АҚШ ассоциацияси).Барча халқларда ҳамма вақт яхши тайёрланган мутахассислар, ўз ишининг усталари ҳурмат қилинган, маҳорат билан моҳирона ўқитиш ҳам юксак баҳоланган.Педагогика фани тарихида ўқитиш ва кадрлар тайёрлашнинг янада мукаммал методларини ва усулларини излаш доимий давом этиб келган. Ўқитиш — бу унинг жамият тараққиёти учун самараси педагогнинг фаолияти якунланиши билан дархол кўринмаса ҳам ҳар қандай бошқа фаолият каби ишлаб чиқариш фаолиятидир. Жамият тарихида иқтисодий даврлар фақатгина нималар ишлаб чиқарилиши, ким томонидан қанча ишлаб чиқарилиши, меҳнатнинг қайси воситалари билан ишлаб чиқарилиши билангина фарқ қилмайди. Ана шу нуқтаи назардан биз ижтимоий тарихда мавжуд бўлган «педагогик даврларни» кўриб чиқамиз:

I. Индивидуал педагог, қўл билан ишлайдиган педагогнинг педагогик фаолияти даври (қадимги даврлардан бошлаб ХVII асргача);

II. Ўқув китоби даври (ХVII асрдан ҳозирги давргача);

III. Аудиовизуал воситалар даври (ХХ асрнинг 50-йиллари).

IV. Ўқитишни бошқаришни автоматлаштириш оддий воситалари даври (ХХ асрнинг 70-йиллари).

V. Замонавий ҳисоблаш машиналари асосида таълимни бошқаришни автоматлаштиришда адаптив воситалар даври (ХХ аср охири компьютерни ўқитиш).«Педагогик технология» тушунчаси учта аспектлар билан тақдим этилиши мумкин:

1) Илмий педагогик технология — ўқитишнинг мақсади, мазмуни ва методларини ўрганувчи ва ишлаб чиқувчи, педагогик жараёнларни лойиҳалаштирувчи педагогик фаннинг бир қисмидир.

2) процессуал-таърифий: жараённи тасвирлаш ўқитишнинг кўзда тутилган натижаларига эришиш учун воситалар ва мақсад, методлар тўплами.

3) процессуал-амалий: технологик жараённи амалга оширилиши, ҳамма шахсий, инструментал ва методологик педагогик воситаларнинг ишга солиниши. Шундай қилиб, педагогик технология ўқитишнинг энг самарали йўлларини изловчи фан сифатида ҳам, ўқитишда қўлланиладиган усуллар, принциплар ва бошқарувлар системаси сифатида ҳам, ўқитиш ҳақиқий жараёни сифатида ҳам иштирок этади.

Тарих дарсларида ўқувчига ёндошиш бўйича технологиялар

1) Авторитар технологиялар, бунда педагог ўқув-тарбиявий жараённинг якка

субъекти ҳисобланади, ўқувчи эса фақатгина «объект», бирор-бир қисмдек бўлади. Улар мактаб ҳаётини қатъий ташкил этилиши, ўқувчиларнинг ташаббуси ва мустақиллигига йўл қўймаслик, талаб ва мажбурлаш қўлланилиши билан ажралиб туради.

2) Дидактоцентрик технологиялар ҳам бола шахсига эътиборсизлик юқори

даражаси билан ажралиб туради, уларда ҳам ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида субъект-объектли муносабатларлар ҳукм суради, ўқитиш таълимдан устун қўйилади ва шахсни шакллантириш энг асосий омиллари дидактик воситалар ҳисобланади.

3) Шахсга йўналтирилган технологиялар бутун мактаб,ўрта махсус таълим

тизими марказига бола шахсини, унинг ривожланиши учун қулай, келишмовчилик-ларсиз ва хавфссиз шароитларни таъминлаш, унинг табиий имкониятларини амалга оширишни қўяди. Бу технологияда бола шахси фақатгина объект эмас, балки муҳим субъект ҳамдир: у бирор-бир ноаниқ мақсадга эришиш воситаси эмас, балки таълим тизими мақсади ҳисобланади (авторитар ва дидактоцентрик технологияларида бўлганидек). Бундай технологияларни яна антроцентрик деб ҳам атайдилар.Шундай қилиб, шахсга-йўналтирилган технологиялар антроцентриклиги, инсонпарварлиги ва психотерапевтик йўналганлиги билан ифодаланади ва боланинг ҳар томонлама, эркин ва ижодий ривожлланиши мақсад қилиб олади.

Шахсга-йўналтирилган технологиялар доирасида инсонпарварлик шахсий технологиялар, ҳамкорлик технологиялари ва эркин тарбиялаш технологиялари мустақил йўналганлиги билан ажралиб туради.

4) Инсонпарварлик-шахсий технологиялар биринчи навбатда ўзининг инсонпарварлик моҳияти, шахсни қўллашга психотерапевтик йўналганлиги, унга ёрдам кўрсатиши билан ажралиб туради. Улар болага ҳар томонлама ҳурмат ва муҳаббатни, мажбурлашни рад этиб унинг ижодий қудратига ишончни тарғиб қилади.

5) Ҳамкорлик технологияси, ўқитувчи ва бола ўртасидаги объект-субъектив

муносабатларда демократиклик, тенгликни, ҳамкорликни амалга оширади. Ўқитувчи ва ўқувчи биргаликда мақсад, мазмунни ишлаб чиқадилар, ҳамкорлик ва биргаликда ижод ҳолатида бўлиб баҳо берадилар.

6) Эркин тарбия технологиялар боланинг ҳаётий фаолияти доирасида кўпми

озми танлаши ва мустақиллиги эркинлиги беришга эътиборни қаратади. Танловни амалга ошириб бола натижаларга ташқи таъсир остида эмас, балки ички туйғулари орқали боради, у субъект нуқтаи назарини энг яхши услуб билан амалга оширади.

2. Танқидий фикрлашнинг фаол методлари. Танқидий фикрлашни ўстиришга хизмат қиладиган методлар «Демократик таълим учун» консорциуми томонидан амалга ошириладиган «Танқидий фикрлаш учун ўқиш ва ёзиш» лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.Танқидий фикрлашнинг фаол методларини ишлаб чиқишда қуйидаги асослардан келиб чиқадилар: Танқидий фикрлаш нима? Фикрлаш — ўқиш, ёзиш, сўзлаш ва эшитишга ўхшаш жараён. У фаол, мувофиқлаштирувчи шундай жараёнки, ўзида бирор ҳақиқат тўғрисидаги фикрларни қамраб олади. Фикрлаш контекстдан ташқарида ҳосил қилинадиган кўникма эмас.

Танқидий фикрлаш таълимий дастур ёки кундалик ҳаётнинг умумий контекстидан йироқлашган шароитда ўрганилиши лозим бўлган ҳодиса ҳам эмас. Браун (1989) таъкидлайдики, вазифа ва реал ҳаёт мақсадларидан ажратилган ўқув кўникмалари таълим олувчиларга объектив тестларни яхши топшириш имкониятини бериши мумкин, лекин улар бу кўникмаларни янги вазиятларда қўллай олмайдилар. Рихер таъбири бўйича ўрганиш ва фикрлашнинг таърифи когнитив психология, фалсафа ва мультмедиа маданияти таълими соҳасидаги тадқиқотлар натижаларига асосланади.

Фойдаланилган адабиётлар руйхати

  1. Ўзбекистон тарихини ўқитиш ва ўрганишнинг ягона концепцияси.-Т.: 1996.
  2. Ўзбекистон тарихи умумтаълим ва янги турдаги мактабларнинг V-ХI синфлари учун дастур Т. 1997.
  3. Ўзбекистон тарихи фани дастури. Университетлар ва педагогика олий ўқув юртларининг тарих факультетлари учун. Т. 1996
  4. Ҳуқуқ асослари.Т., 1995
  5. 5-синф «Жахон тарихидан ҳикоялар» И.Жўраев, М.Лафасов, К. Норматов. Т.2000.
  6. 6-синф Ўзбекистон тарихи, А.С.Саъдуллаев, Е.А.Костецкий, Н.К.Норқулов. Шарқ. 1999.
  7. А.Муҳаммаджонов. 7-синф Ўзбекистон тарихи. Тошкент. Ўқитувчи 2000
  8. Т.Салимов, С.Маҳкамов 7-синф Жахон тарихи. «Шарқ»-Т.-1999й.
  9. М.Лафасов. 9-синф Жахон тарихи ўқув қўлланмаси.-Т.: А.Қодирий номидаги мероси.-Т.: 1999.
  10. У.Жўраев. 7-синф Жахон тарихидан ўқитувчилар учун методик қўлланма.-Т.: 2000.
  11. Н.Норқулов, У.Жўраев . 8-синф Ўзбекистон тарихи. Шарқ. Т. 2000.
  12. Ж.Рахимов. 9-синф Ўзбекистон тарихи. Тошкент. 2000.