Aннотация: Мазкур мақолада умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларни бадий адабиётга қизиқишини уйғотиш ҳамда бадий асарларни таҳлил қилиш методлари ҳақида сўз боради.

Taянч иборалар: адабиёт, бадий асар, таҳлил,адабий тил,тилшунослик

Ўқувчиларнинг адабиёт дарсларида бадиий асар билан танишиши уларнинг юксак ахлоқий маънавий қадриятлар билан танишишига, шу соҳадаги эҳтиёжларнинг тарбиялашига имкон беради. Ўқувчиларни бадиий устида ишлашга ўргатиш уларда адабий- эстетик таҳлил малакасини шакллантириш ва ўстириш орқали таълим-тарбия беришни назарда тутади. Бадиий асар таҳлили ёзувчининг ўша асарни яратиш жараёнидаги ижодий йўлини қайта босиб ўтиш, муаллиф фикрлари, ҳиссиёти ва хулосаларига шерик бўлиш, айни пайтда унинг ютуқларидан руҳланиш, камчиликларига танқидий муносабат билдиришдир. Адабий таҳлил ўқитувчидан ўқувчилар фаолиятини уюштириш, билимларини бойитиш ва маълум мақсадга йўналтиришда ижодкорлик, педагогик маҳорат, фидойилик талаб этади. У ижодий фаолият бўлгани учун совуққонликни кўтармайди. «Мактабда бадиий асарни таҳлил қилишдан асосий мақсад-деб ёзади. А.Зуннунов, — асарда ифодаланган ҳаётий воқеани ёритиш орқали ўқувчиларни бадиий адабиёт оламига олиб кириш, тасвирланаётган воқеаларга нисбатан муаллифнинг муносабати ва ниятларини пайқаб олишга имконият яратишдан иборатдир.

Ўқувчиларнинг ёзувчи олдига сурган ғоя, муаммоларни тўла тушунишларига эришмай туриб, адабиётнинг ёшларни тарбиялашдаги вазифасини амалга ошириб бўлмайди». Ж.Азизов билан Г.Усоваларнинг фикрича, таҳлил адабий асарнинг бадиий мантиғига сингиши мақсад қилиб қяйилган илмий изоҳдир. Уларга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, таҳлил асарни нафақат тушуниш, балки ўзлаштириш орқали маънавий-аҳлоқий баркамоллика эришишга қаратилган фаолиятдир. Адабий таҳлил билан боғлиқ муаммолар бугун пайдо бўлган эмас. М.А.Рибникова, Н.И.Кудряшев, В.Г.маранцман, З.Я.Рез, Е.А.Маймин, Г.А.Гуковский,Л.С.Айзерман, В.Г.Бобилев каби методист олимларнинг рус адабиётини ўрганишга доир илмий тадқиқотларида бу масала турли жиҳатдан ёритилади. Ўрта мактабларнинг адабиёт дастурлари ва дарсликларининг илк муаллифларидан профессор Абдураҳмон Саъдий, Фитрат, Олим Шарафиддинов, кейинчалик Н.Маллаев, С.Долимов, А.Зуннунов, К.Жўраев, Ҳ.Убайдуллаев, Қ.Ахмедов, С.Исматов ва бошқаларнинг ўзбек адабиёти асарлари таҳлили у ёки бу даражада ўз ифодасини топган илмий ишлари адабиёт ўқитиш методикаси тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Шуниси диққатга сазоворки, бу ишларда адабий таҳлилнинг мақсад ва вазифалари, мазмун ва усллари юзасидан хилма-хил муносабат билдирган бўлсада, ҳар қандай асар таҳлили матн асосига қурилиши уларнинг барчасида тўғри қайд этилган. Биз бу ўринда тадқиқот характеридан келиб чиқиб, масаланинг бадиий матн устида ишлаш билан боғлиқ жиҳатигагина тўхталамиз. Аслида адабий тилнинг бош масаласи матн устида ишлаш орқали ўтказиладиган таҳлилдир. Уни баъзи олимлар, масалан, З.Я.Рез ва А.Зуннуновалар бадиий асарни ўзлаштиришнинг асоси деб билсалар, айрим олимлар масалан, М.Мирқосимова адабий матннинг бадиий хусусиятларини ўрганиш усули деган фикрни илгари суради. Бизнингча, адабий таҳлилни матндан ажратиш мумкин эмас. Таҳлил, матн асосида уюштирилсагина кўзланган натижага эришилади. Адабиёт ҳаёти акс эттиради. Айни пйатда уни англашнинг алоҳида шакли, ҳақиқатни тушунишга йўл солувчи восита ҳамдир. Адабиётниг вазифаси шу билан чекланмайди. У ҳаётга янгича мазмун бағишлаб, таъсир ҳам кўрсатади. Ўқувчиларга буни тушунтириш учун таҳлил жараёнида бадиий асарда мавзунинг муайян шаклга эга бўлиши тўгрисида умумий маълумот берилади. Ўқувчи мутолла чоғида асар мазмуни билан танишса, таҳлил пайтида поэтикасига мурожаат қилади. Мутолла ҳиссиётни бойитиб, ақлни пешласа, таҳлил матн тагзаминидаги маънони чуқур ўрганишга ёрдам беради. Ўқувчи таҳлил воситасида конкрет асарни ўрганиб қолмасдан, адабиётшунослик, мантиқ, тилшунослик, руҳшунослик, дидактика, санъат фалсафа каби турли соҳаларнинг бадиий ижодга боғлиқ қонуниятлар билан ҳам танишади. Бунга эришишда ўқитувчининг қуйидаги масалаларни хал этиши назарда тутилади: 1. Таҳлилнинг максади ва мазмунини аниқлаш. 2. Ишни ташкил қилиш (асарни таҳлилининг дарслар бўйича тақсимоти, топшириқлар тизимини ишлаб чиқиш). 3. Матннинг қандай методлар асосида ўрганилишини ўқувчилар эгаллайдиган малакалар доирасини белгилаш. Адабий эстетик таҳлил ҳар бир асарнинг жанрий хусусиятлари, ўқувчиларнинг ёши, билими ва эгаллаган малакаларига кўра ўзига хослик касб этади. Масалан, топишмоқ предмет, воқеа-ҳодисалар ўртасидаги ўхшашликни таққослаш орқəли ўзлаштирилса, мақолалар мазмуни ҳаётий мисоллар воситасида шарҳланганидагина тушунарли бўлади. Ёки кичик ёшдаги болалар воқеалар оқимига, саргузаштларга ишқибоз бўлса, катта ёшлилар қахрамонларнинг руҳий олами, ички дунёсига қизиқадилар. Шунинг учун ҳам бошланғич синфларнинг ўқиш дарсларида таҳлил асар сюжети воқаларини қайта ҳикоялаш, қисқартириб ҳикоялаш, шахсини ўзгартириб ҳикоялаш усулларини қўллаш орқали тарбиялашга қаратилади. 1. Ўқувчиларни адабий эстетик таҳлилга ўргатиш усулларини қандай тушунасиз? 2. Матн устида ишлаш ўз ичига қандай масалаларни қамраб олади? 3. Адабий таҳлилнинг мақсади, мазмун ва вазифалари нималардан иборат? Адабий-эстетик таҳлил — бадиий асарнинг поэтик хусусиятларини ўрганиш воситаларидан бири. Матн устида ишлаш — бадиий асарни ўрганишнинг илк босқичи. Мутолаа — бадиий асарни мустақил ўқиш. Қайта ҳикоялаш — матн мазмунини қайтадан ҳикоялаш. Қисқартириб ҳикоялаш — матндаги асосий воқеаларни ҳикоялаш. Бадиий асар билан танишиш ўқувчи учун бадиият оламига ошно бўлиш демакдир. Аммо бу «ошнолик» ўз-ўзича юз бермайди. Бунга жиддий тайёргарлик зарур. Кириш машғулотлари ана шундай жиддий вазифани бажаради. Кириш машғулотлари ўқувчини бадиий асар моҳиятини тўлароқ ўзлаштиришга уни тўғри тушунишга, боладаги қизиқишни оширишга хизмат қилади. Унга 5-10 дақиқа (қуйи синфларда) дан бошлаб алоҳида дарс соатларини (юқори синфларда, академ лицей, касб-ҳунар коллежларида) ажратиш мумкин. Кириш машғулотларида айни муаллиф ёки мавзуда яратилган асарлар, яратилган тарихий шароит ҳақида маълумотлар берилиши мумкин. Биографик ва тарихий маълумотлар ҳам шу гуруҳга киради. Кириш машғулотлари ҳеч қачон «қуруқ» бўлмаслиги аксинча жонли фактларга бой ва қизиқарли бўлиши шарт. Бунинг учун бадиий адабиёт намуналаридан турли санъат асарлари (айникса, тасвирий санъат)дан, тарихий ҳужжат ва хотиралардан фойдаланиш лозим. Масалан, У синфда «Меҳнат қўшиқлари» мавзусини ўтишда халқ оғзаки ижоди ва ундаги жанрлар ҳақида маълумот бериш мумкин, ёки санъат турлари, санъат ва айниқса бадиий адабиётнинг қадимги аждодлар ҳаётида тутган ўрнига оид суҳбат қилиш яхши самара беради. Шу синфдаги «Махмуд Қошғарий» мавзусини ўтишда адибнинг таржимаи ҳоли, унинг она тили равнақи йўлидаги курашларига оид кириш машғулотларини ташкил этиш ўқувчиларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишларини оширади. Юқори синфларда, айникса, академ лицейларда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш учун анча кенг имкониятлар берилган. шунга кўра бу ерда алоҳида бир соатни кириш машғулоти учун ажратиш мумкин. Унинг мавзуси эса ўқитувчининг мақсади, ўқувчиларнинг умумий тайёргарлик даражасига кўра белгиланиши лозим. XI синфда Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари адиблар ижодини ўрганиш олдидан кириш машғулотини қатағон йиллари мафкураси ва сиёсий қатағон қурбонларининг шахсиятига, айникса уларнинг эрк ва озодлик, миллат тақдири ва миллий маданиятга оид қарашларига эътиборни тортиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ёзувчи таржимаи ҳоли, давр тавсифи ва бошқа ҳодисалар охир- оқибатда ўқувчиларнинг муаллиф нуқтаи назарини англашларига қаҳрамонлар ва асар воқеаларига, умуман ҳаётга қарашда муаллифнинг нуқтаи назарини тушуниб олишларига имкон берсагина ўз вазифасини бажарган бўлади. У синфда Марк Твеннинг «Том Сойернинг янги саргузаштлари» асаридан парча берилгани. Бу асарнинг жаҳон болалар адабиётидаги энг етук намуналаридан бири эканлиги яхши маълум. Ушбу асар олдидан кириш машғулотларида Марк Твеннинг таржимаи ҳоли ҳақида қисқача маълумот бериб, адиб яшаган давр ва муҳитни бир озгина шарҳлаш адиб дунёқараши, унинг бадиий-эстетик идеали ва кашфиётларини чуқурроқ идрок этиш имконини беради. Юқори синфларда муайян асарнинг яратилиши тарихи ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотади (Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг», Алишер Навоий «Хамса», Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар», Чўлпон «Кеча ва кундуз»). Бадиий асарни тўла ўзлаштиришнинг асоси уни ўқишдир. Асарни синфда ҳам, уйда ҳам ўқиш мумкин. Ҳажман кичик асарларни синфда йирикларини уйда ўқиш маъқул. Матн устида ишлаши бадиий асар таҳлилидаги муҳим босқич, уни қисмларга бўлиш, саралаш ва умумлаштириш малакасини болаларда узлуксиз шакллантириш зарур. Якунловчи машғулотлар бадиий асар устида ишлашнинг муҳим босқичидир. Унда умумлаштириш, яхлит хулосалар чиқариш етакчилик қилади. натижада ўкувчи алоҳида ўрганилган асарнинг адибнинг бутун ижоди ёки адабий жараён билан алоқасини тасаввур этиши, асарнинг инсон маънавиятидаги ўрни ва аҳамиятини идрок қила билиши керак.

Фойдаланлган адабиётлар рўйхати

  1. Таълим тўғрисида. Ўзбекистон Республикасининг Қонуни. Т., 1997 й.
  2. V-XI синфлар адабиёт дарсликлари. 10. Адабиёт ўқитиш методикаси (тузувчилар. Қ.Йўлдошев, О.Мадаев, А.Абдураззоқов). Т., 1994 й.
  3. Ю.К.Бабанский. Ҳозирги замон умумий таълим мактабида ўқитиш методлари. Т., «Ўқитувчи», 1990 й.
  4. С.Иномхужаев., А.Зуннунов. Ифодали ўқиш асослари. Т., «Ўқитувчи», 1978 й.
  5. С.Долимов ва бош. Адабиёт ўқитиш методикаси. Т., «Ўқитувчи», 1967 й.