Гарчи тил материал сифатида умумга тегишли бўлса-да, нутқда ундан фойдаланишнинг чексиз имкониятлари мавжуд. Сўзловчи шахси, унинг жамиятдаги мавқеи ҳамда нутқий вазият билан боғлиқ равишда тил воситаларидан амалдаги меъёрлар доирасида истаганча фойдаланиш мумкин. Тил воситаларидан фойдаланишдаги турли-туманлик вариантлиликнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бу фикрлар фоностилистик жараёнларга ҳам тегишлидир. Шунингдек, тилнинг бошқа ярусларида бўлгани каби, нутқ товушларининг эмоционал-экспрессив ва функционал-стилистик хусусиятларини таҳлил этишда ҳам экстралингвистик омиллар эътиборга олиниши лозим.

Нутқни амалга оширишда муайян мақсад кўзланиши, ният ҳамда вазиятдан келиб чиққан ҳолда расмий ёки норасмий мулоқот шаклининг танланиши ва маълум бир муддат ёки зудлик билан уни ижро этишга тайёргарлик кўрилиши яхлит бир нутқий бутунликни ташкил этишга хизмат қиладиган ана шу экстралингвистик омиллардир.Бинобарин, сўзловчининг нутқий стратегияси талаффуз меъёрларини ҳам белгилаб беради. Нутқ субъекти жараёндан қандай натижа кутмоқда? Суҳбатдошга қандай таъсир кўрсатмоқчи? Уни айтганларига ишонтирмоқчими, алдамоқчими, насиҳат бермоқчими, бирон юмушни бажаришга даъват қилмоқчими, тарбияламоқчими? Бу каби мақсад ва режаларни санашни давом эттириш мумкин. Энг муҳими, кўзланган мақсадга боғлиқ тарзда ҳар бир нутқий вазиятда субъектнинг сўзлаш манераси ўзгариб боради.

Нутқий жараёнда яна бир экстралингвистик омил мавжуд, бу — тингловчи. Мулоқот тингловчининг ёши, жинси, ижтимоий мавқеи ва бошқа омилларни назарда тутган ҳолда олиб борилади. Нафақат тил бирликларини танлаш, балки ҳиссиётни, оҳангни бошқариш ҳам шунга мувофиқ бўлади. Нутқнинг икки кўриниши — монологик ва диалогик нутқ бир-биридан нафақат тил воситаларининг танланиши, айни пайтда, талаффуз меъёрлари билан ҳам ўзаро фарқланади. Мулоқот жараёнида расмийлик ва норасмийлик ҳам алоҳида талаффуз услубини тақозо этади.

Тилга олинган бу экстралингвистик омиллар комплекси нутқ субъектидан юксак нутқий савияни талаб қилиш баробарида турли нутқ услубларини ҳам фарқлашни тақозо этади. Масалан, расмий давраларда ёки кўпчилик олдида ижро этилган нутқ аниқлиги, талаффузнинг равонлиги билан ажралиб туриши керак. Бундай вазиятда тез ва шошилиб гапириш кутилган натижани бермайди. Агар суҳбатдош бир киши бўлса, мулоқот оҳанги шунга яраша бўлади, суҳбат одатда норасмий тусда бўлади. Нутқ спонтан характерда бўлиши ҳам мумкин. Дарс жараёни, журналистларнинг турли тадбирлардан тўғридан-тўғри репортажлари, интервьюлар ана шу характердаги нутқ ҳисобланади. Бу нутқлар мазмуни одатда, олдиндан ўйлаб қўйилган бўлишига қарамасдан, ижродаги кутилмаганлик ва тезкорлик унинг фонетик жиҳатдан шаклланишига ҳам таъсир қилади.

Айтиш мумкинки, ҳар бир нутқий вазият ва бошқа экстралингвистик омиллар ўзига хос тил воситаларини, жумладан, фонетик воситаларни танлаш билан биргаликда, уларнинг талаффуз меъёрини ҳам белгилаб беради ва экспрессив имкониятларининг юзага чиқишига шароит яратади.

Фоностилистика ва стилистика

Стилистика ва фоностилистиканинг нутқ товушларини тадқиқ этиш ва ўрганиш методлари ҳам бир-бирига мос келгани боис, фоностилистикани стилистика фани таркибида ўрганиш ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан тўғри бўлади. Бошқа лингвистик соҳалардан фарқли ўлароқ стилистика ўзининг алоҳида бирликларига эга эмаслиги бу борадаги кузатишларни бирмунча қийинлаштиради, албатта. Аммо маълум бир нутқий вазиятда, у оғзаки ва ёзма бўлишидан қатъи назар, сўзловчи ва ёзувчининг ўз нияти ва муддаосидан, нутқ мавзуси ва мазмунидан келиб чиқиб, тил бирликларини қўллаш, танлаб ишлатиш имконияти услубиятни юзага келтириши ҳақидаги қарашларга таяниб, бу каби имкониятлар фонетик воситаларда ҳам мавжудлиги, бинобарин, бу воситалар стилистикаси ҳақида ҳам бемалол фикр юритиш мумкин бўлади.

Фоностилистика стилистика фанининг таркибий қисми бўлгани учун ҳам товуш ва маънонинг ўзаро боғлиқлиги қонуниятлари, нутқ фаолиятида уларнинг боғланиш принциплари, нутқнинг товуш тузилиши сингари муаммоларни ўрганиш баробарида бу тил бирликларининг ифодаланаётган маънони теран ва таъсирли тарзда англатишга, ифоданинг жарангдорлиги ва мусиқийлигини таъминлашга қўшадиган ҳиссасини англашга қадимдан уриниб келинмоқда. Дарҳақиқат, фонетик сатҳ бирликлари танлаш ва комбинациялар қилиш предмети сифатида, нутқий танловнинг принциплари, механизмлари, мақсади ва натижаларини ўрганадиган стилистиканинг объекти бўла олади. Агар нутқнинг шаклланиши жараёнида иштирок этадиган товуш бирликларини танлашга бошқа юқори сатҳдаги тил бирликларини танлашга қараганда аҳамиятсиз нарса деб қараладиган бўлса, бу соҳадаги тадқиқотлар кемтик бўлиб қолади.

Шунинг учун ҳам фоностилистик кузатишларга лингвостилистик тадқиқотларнинг таркибий қисми сифатида қараш энг тўғри йўлдир. Тилдаги ҳар қандай бирлик — нутқ товушлари, сўз ва унинг турли шакллари ҳамда бирикувлари стилистика учун материал бўла олиши мумкинлигини инобатга олсак, шу билан бирга стилистиканинг лексик стилистика, морфологик стилистика, синтактик стилистика сингари йўналишлари борлигини эсласак, фонетик стилистикани ҳам бемалол стилистика таркибида қараш ва ўрганиш тўғри бўлишлигига ишонч ҳосил қиламиз.

Тилшуносикда товушларнинг стилистик хусусиятлари билан шуғулланувчи соҳаси товуш стилистикаси, стилистик фонетика, фонетик стилистика, фонологик стилистика, фоника каби номлар билан аталиб келинмоқда. Биз бу атамалардан фонетик стилистика ёки унинг эквиваленти бўлган фоностилистика ни қўллаш тарафдоримиз. Чунки товуш стилистикаси, стилистик фонетика атамаларини фонетик стилистика нинг вариантлари сифатида қараш мумкин бўлгани ҳолда, фонологик стилистика, фоника га бу ўлчовни қўйиб бўлмайди. Улар фоностилистиканинг таркибида қараладиган тушунчалар ёки бўлимлардир. Илмий манбаларда фоностилистикага кўплаб таърифлар берилганлиги кузатилади. Қуйидаги таърифлар соҳани янада чуқурроқ тушунишимизга кўмаклашади, деб ўйлаймиз. О.С.Ахманова фоностилистика — бу стилистиканинг сўзлар ва сўз бирикмалари талаффуз вариантларининг экспрессив хусусиятларини ўрганувчи бўлимидир, деб баҳоласа, А.Ҳожиев «услубшуносликнинг нутқ товушларининг тилнинг таъсирчан воситаси бўлиб хизмат қила олиш усуллари ва қонуниятларини ўрганувчи бўлими», тарзида изоҳлайди.

Шунингдек, унга «Фонетик стилистика товушлар бирор бир стилистик мақсадларда қўлланиладиган бўлса, уларнинг нутқни ташкил этиш хусусиятларини: ритм, оҳанг, аллитерация ва бошқаларни ўрганади. Маҳаллий колоритни бериш мақсадида қўлланиладиган талаффузнинг комик, сатирик сингари субстандарт хусусиятларини ўрганади» тарзидаги таърифлар ҳам берилган. Шунингдек, «фонетик стилистика нутқнинг таъсирчанлигини ошириш воситаси сифатида нутқ товушларининг стилистик имкониятларидан фойдаланиш усуллари билан қизиқади».

Х.Дониёров ва Б. Йўлдошевлар «Адабий тил ва бадиий стиль» асарида бу фикрни янада тўлдиради: «фонетик стилистика фақат сўз ва сўз бирикмаларининг талаффуз вариантларинигина эмас, балки сўз маъноларини фарқлаш ва гап, жумла, абзац, бутун бир текст доирасидаги фоноэкспрессив хусусиятларни ҳам текширади.

Масалан, туркий тилларнинг ҳаммаси учун хос бўлган сингармонизм қонуни аслида фонетик ҳодиса бўлишига қарамасдан, у тилга, шу жумладан адабий тил ва бадиий стилга уч аспект бўйича хизмат қилади: а) талаффузни аниқлашга, б) маънони фарқлашга, в) аффиксларни ўзакнинг характерига мослаб тўғри қўллашга ёрдам беради. Биргина ана шу фактнинг ўзи ҳам фонетик стилистикани ўрганишнинг қанчалик аҳамияти борлигини сўзсиз тасдиқлайди. Шунга кўра, фонетик стилистикага маълум бир тилдаги барча фонетик воситаларнинг экспрессив томонларини ўрганувчи соҳадир, деб таъриф бериш мақсадга мувофиқ кўринади».

Фоностилистика назариясига оид бир неча қарашлар Қ.Сапарованинг «Рус ва ўзбек тиллари фоностилистикасининг қиёсий-типологик тадқиқи (сўзларнинг фоновариантлари материали асосида)» номли сегмент фоностилистика тадқиқига бағишланган докторлик диссертациясида келтирилган. Н.И.Портнованинг "фоностилистика — мулоқотнинг турли жабҳалари ва вазиятларида фонетик воситаларнинг амал қилиш қонуниятларини тадқиқ этади С.М.Гайдучикнинг "фоностилистика — фонетиканинг бўлимларидан бири, унинг шаклланиш жараёнини тугаган деб бўлмайди. Чунки бу янги йўналишнинг тадқиқот предмети ҳали охиригача аниқланмаган.

Е.Н.Нурахметовнинг «фоностилистика — вазифаси тўлалигича фонетиканинг ҳам, стилистиканинг ҳам доирасига кирмайдиган мустақил соҳа. Унинг «ўз тадқиқот объекти, фоностилистик бирликлари ва уларнинг вазифаларини шарҳловчи назарий асослари, тадқиқот материалига ўз муносабати бор» сингари фикрлари шулар жумласидандир Бу фикрларни келтириш баробарида тадқиқотчи ўз қарашларини ҳам баён этиб, фоностилистикани тилнинг товуш қурилиши ҳамда стилистика кесишувида пайдо бўлган ва ресурслар стилистикаси тизимига кирувчи назарий-методологик асосга эга бўлган фан сифатида баҳолайди ҳамда унинг фанлараро характерга эгалигини қайд этади.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Абдуазизов А. Ўзбек тили фонологияси ва морфонологияси. — Тошкент: «Ўқитувчи», 1992. — 134 б.
  2. Абдуазизов А. Фонологическая система современного узбекского языка. — Ташкент, 1974.
  3. Абдуазизов А. Фоностилистик воситаларнинг ўрганилишига доир / Ўзбек тили ва адабиёти, 1985, № 2.
  4. Абдуллаев А. Ўзбек тилида экспрессивликнинг ифодаланиши. — Тошкент: «Фан», 1970.
  5. Абдуллаев А. Ҳозирги ўзбек тилида маъно кучайтиришнинг фонетик ва морфологик усули: Филол.фан.номз. ...дисс.автореф. — Тошкент, 1970.
  6. Абдураҳмонов Ғ., Шукуров Ш. Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси. — Тошкент: «Ўқитувчи», 1973.
  7. Алиев А. Наманган шевалари фонетикасидан / Ўзбек тили ва адабиёти, 1974, № 1.
  8. Алишер Навоий. Асарлар, ўн беш томлик. Ўн тўртинчи том. — Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1967.