Таълимнинг дастлабки кунлариданоқ кичик мактаб ёшидаги болаларнинг ривожланишини ҳаракатга келтирадиган турли зиддиятлар, қарама-қаршиликлар, ички ихтилофлар вужудга келади. Ана шулар замирида боладаги психик камолотнинг даражаси ва ижобий хислатлар билан талаблар ўртасидаги қарама-қаршиликлар ётади.

Талабларнинг таборо ортиши боланинг психик жиҳатдан тўхтовсиз ривожланишини тақозо этади ва шу ривожланиш занжирнинг узлуксиз ҳаракати натижасида инсоннинг камолоти амалга ошади. Таълим мазмунига, билимни эгаллашга қизиқиш ўқувчининг ўз ақлий меҳнати натижасидан қаноатланиш ҳисси билан узвий боғлиқдир. Бу ҳис ўқитувчининг Рағбатлантириши билан намоён бўлади ва ўқувчида самаралироқ ишлаш майли, истаги, эҳтиёжини шакллантиради.

Болада пайдо бўлган фахрланиш, ўз кучига ишониш ҳислари билимларни ўзлаштириш ва малакаларни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади, рағбатлантириш ва жазолаш меъёрида бўлсагина, уларнинг тарбиявий таъсири ортади.

Кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг муҳим хусусиятларидан бири улардаги ўқитувчи шахсига ишонч ҳисси ва юксак эҳтиромдир. Шунинг учун ҳам ўқувчининг болага тарбиявий таъсир кўрсатиш имконияти жуда каттадир. Бола ўқитувчини ақл-идрок соҳиби, зийрак, сезгир, меҳрибон, ҳатто донишманд инсон деб билади.

Ўқитувчи сиймосида ўзининг эзгу нияти, орзу истаги, ажойиб ҳис-туйғуларини руёбга чиқарувчи муътабар шахсни кўради. Ўқитувчининг обруси олдида ота-оналар, оиланинг бошқа аъзолари, қариндош-уруғлар, таниш-билишларнинг нуфузи кескин пасаяди. Шу сабабли болалар ўқитувчисининг ҳар бир сўзини қонун сифатида қабул қиладилар. Таълим жараёнида ўқитувчи ўзининг обрўсидан оқилона ва омилкорлик билан фойдаланиб, ўқувчиларда уюшқоқлик, меҳнатсеварлик, ўқишга ижобий муносабат, ўз диққатини бошқариш, хулқини идора этиш, ўзини тута билиш, қийинчиликларни енгиш каби фазилатларни шакллантириши лозим. Бунинг учун ҳар томонлама таъсир кўрсатиш усулини қўллаш керак. Мақсадга мувофиқ ўқиш фаолияти кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг ақл-идроги, сезгирлиги, кузатувчанлиги, уқувлилиги, эсда сақлаб қолиш, эсга тушуриш имкониятларини ривожлантириши учун муҳим шарт-шароитлар яратади; болаларда ўқиш, ёзиш, ҳисоблаш малакаларини шакллантиради. Бундан ташқари мазкур таълим жараѐнида уларнинг билимлар кўлами кенгаяди, билишга қизиқишлари ортади, ақлий имкониятини ишга солиш вужудга келади. Ўқув фанларига ижобий муносабат, қатъий шуғулланиш нияти, жамоатчилик олдидаги масъулиятни ҳис қилиш, билим олишнинг ижтимоий аҳамиятини ангалш туйғулари таркиб топади.

Ўқитувчиларнинг муҳим вазифаларидан бири ўқувчиларда материалларни эсдлаб қолиши учун муайян интилишни таркиб топиши, уларга эслаб қолишнинг фикр юритиш йўлларини (таққослаш, таҳлил қилишни) ўрганишдан иборатдир. Бу вазифани энг авало мактаб психологлари қаторида бошланғич синф ўқитувчилари амалга оширишлари шарт. Тафаккур атроф-муҳитдаги воқъеликни нутқ ёрдами билан бевосита умумлашган ҳода акс эттирувчи жараён.

Хотиранинг маҳсулдорлигини ошириш учун таълим жараёнида ўзини -ўзи назорат қилиш, ўрганилган материални такрорлаш орқали текшириш, эсга тушуриш, машқ қилишдан унумли фойдаланиш зарур. Агар кичик мактаб ёшидаги ўқучиларга эслаб қолиш ва эслаш усуллари ўргатилмаса, улар материалларни бевосита такрорлашда узоқ вақт тўхталиб қоладилар. Лекин ўқувчилар материалларни эслашни хуш кўрмайдилар ва уни осонгина тиклаш йўлини тушунмайдилар.

Материални эслаб қолиш, эсда сақлаш, эсга тушуриш ва эслаш усулларини ўргатиш мантиқий хотира ўсишининг гаровидир. Таълим жараёнида болаларнинг ёрқин, аниқ, тиниқ, яққол тасаввурлари фикр ёрдамида муайян воқеликка айланади. Ўрганилаётган фан материаллари эшитилган ва ўқилган бадиий образлар тизими яратилади. Ўқиш давомида турмуш тажрибасида тўпланган таассуротларни қайта тиклаш, янги образлар ижодий изланишнинг энг муҳим омили-ижодий тасаввурни такомиллаштиради. Ижодий тасаввур энг муҳим хусусиятларидан бири яратилган тасвирларнинг яққоллиги, мантиқий қонунларга узвий боғлиқлиги, ғайри табиий, ажойиб-ғаройиб истаклардан узоқлигидир. Шунинг учун ўқувчи тасаввурида турмушга, воқеликка зид келмайдиган тасвирлар, тимсоллар ҳолати тоборо кенгаяди. Бу эса ўқувчидар ҳодисаларни танқидий баҳолаш кўникмаси пайдо бўлганини билдиради. Натижада у таассурот қуршовидан қутулади.

Яратилган образларни табиат ва жамиятнинг объектив қонунларига суянган ҳолда баҳолаш кўникмаси янада такомиллашади. Ўқувчиларни ғар томонлама баркамол шахс сифатида камолга етказиш учун уларни бошланғич синфларданоқ ижодий фаолиятини камол топтириш зарур. Чунки бошланғич синфларда ўқувчиларнинг диди, дунѐқараши, салоҳияти барча психик жараѐнлар индивидуал-психологик хусусиятлари жадал шаклланади.

Психолог олимлар — С.А.Рубинштейн, Б.ГАнаньев биринчилар қаторида умумий, ақлий ривожланиш умумий интеллект билан боғлиқ эканлигини кўрсатиб ўтдилар. Масалан, Б.Г.Ананьев мураккаб психик хусусиятларни тадқиқ қилиш билан бирга, ўқиш ва меҳнатдаги муваффақият ана шу хусусиятга боғлиқдир, — деган фаразни илгари суради. Олим бу категорияларни билашга оид турли вазифаларнинг қўйилиши ва ҳал этилиши билан боғлиқ йўлларини кўрсатиб беради.

Кейинги йилларда муаммони турли йўналишларда интенсив тарзда тадқиқ этишга қизиқиш уйғонди. Бу тадқиқотлар борасида Н.С.Лейтеснинг тадқиқотини қайд қилиб ўтиш муҳим. Лейтес аввало ақл сифатларини ўз ичига олувчи умумий ақлий қобилиятлар (гарчи улар жиддий ривишда ирода ва эмоционал хусусиятларга боғлиқ бўлса ҳам) одамнинг назарий билиш ва амалий фаолият имкониятларини характерлаб беради,- деб таъкидлаган. Одам интеллекти учун энг муҳим нарса ва ҳодисалар ўртасидаги боғланиш ва муносабатларни акс эттириш ҳамда шу билан воқеликни ижодий равишда қайта ўзгартириш имкониятини беради.

Н.С.Лейтеснинг кўрсатишича, олий нерв фаолияти хусусиятларида фаоллик ва ўз -ўзини тартибга солишнинг айрим шарт-шароитлари яширинган бўлиб, булар умумий ақлий қобилиятлари таркиб топишиниг мухим ички шартларидан биридир.

Ҳозирги даврда психологлар таълим жараѐнида ўқувчиларда фаол мустақил ижодий фаолиятни мустақил билиш фаолиятига, мустақил ҳолда билимларни эгаллашга йўналтиришга ҳаракат қилмоқдалар. Ўқувчиларнинг билиш фаоллигини максимал даражада фаоллаштириш, уларнинг мустақил ижодий тафаккурини ривожлантириш мактаб таълимининг муҳим вазифасига айланиб бормоқда. Таълимнинг асоси- ўқитишнинг ўқувчиларга етказадиган мўл — кўл ахборотни эсда сақлаб қолиш эмас (гарчи бу муҳим вазифа бўлса-да), балки бу ахбортни қабул қилиш жараёнида ўқувчиларнинг ўзлари фаол иштирок этиши, уларнинг мустақил билим олиш қобилитяини аста-секин шакллантиришдан иборат бўлмоғи лозим.

Бугунги кунда педагог олимлар Л.С.Виготский томонидан илгари сурилган ғоя, яъни таълим бериш ўқувчи қўлга киритиб бўлган ривожланиш даражасини қўлламасдан, ўқувчининг тафаккурига унинг имкониятларини бирмунча оширадиган талаблар қўйилиши, у эришган ва яхши ўзлаштириб олган анлитик-синтетик фаолият даражасини талаб қилиши керак, деган қоидага асосланадилар.

А.С.Виготский таълимнинг ақлий ривожланишидаги кечаги кунга эмас, балки эртанги кунга таянмоғи лозим, деб ҳисоблаган эди. Таълим ривожланишнинг фақат тугулланган даражаси асосида қурилмасдан, аввало унчалик таркиб топмаган ва шундай таълим таъсири асосида тараққйи этган нарсаларга таянмоғи лозим.

Виготский боладаги ақлий ривожланишнинг икки даражаси ҳақидаги ғояни илгари суради. Биринчи даража, яъни Виготский айтганидек, актуал ривожланиш даражаси ўқувчи тайѐргарлигининг мавжуд даражаси бўлиб, у ўқитувчининг топшириқларни тўла мустақил бажара олиши билан характерланади. Анча юқори бўлган иккинчи даража (Виготский уни энг яқин ривожланиш зонаси деб атаган) боланинг нимани мустақил бажара олмаслигини, лекин озроқ ёрдам билан (йўл йўриқ берувчи саволлар, айтиб беришлар, ишора қилишлар) умумий кўрсатмалар таълим жараёнида актуал ривожланиш даражасига ўтади-деб таъкидлаган эди. Психолог олим Н.Д.Левитов ижодий фаолиятни қуйидаги мезонлар асосида вужудга келишини исботлади:

— тафаккурнинг мустақиллиги;

— ўқув материалининг ўзлаштирилиши, тезлиги ва мустаҳкамлиги;

— стандарт бўлмаган вазифаларни ҳал қилишда, ақлий чамалашнинг (топқирликнинг) тезлиги;

— ўрганиб чиқилаётган ҳодисаларнинг моҳиятига чуқур кириб бориш орқали муҳим бўлмаган нарсадан муҳимини ажрата билиш.У. Нишоналиев ақлий ривожланишнинг асосий мезони — тўғри ташкил этилган ўқув фаолияти тузилмасининг (таркиб топган ўқув фаолияти) ҳамда унинг таркибий қисмларининг тўғри режалаштирилишидир,- деган ғояни илгари суради О. Ҳасанбоева кичик мактаб ёшидаги кувчиларнинг фикрлаш фаолиятиинг қуйидаги хусусиятлари: ўзлаштиришнинг тезлиги ёки сустлиги; фикрлаш жараѐнининг ўзгарган шароитларга мослаштириш осонлиги ѐки қийинлиги; фикрлаш доирасининг ўзаро боғлиқлиги; аналитик-синтетик фаолиятнинг турли даражалари сифатида қарайди.

Ижодий фаолиятда муамоли вазиятлар яратиш бу муаммоли вазиятлани ечишга ўқувчиларни жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.Бошланғич синфларда шахсни ривожлантришга йўналтирилган таълим қуйидаги мақсадларни назарда тутади:

1. Мактаб ўқувчилари шахсини ривожлантириш, унинг қобилияти, ўқишга қизиқиши, ҳоҳиш ва истагини шакллантириши;

2. Ахлоқий ва эстетик ҳиссиѐтини тарбиялаш, ўзи ва ўз атрофини ўраб олган оламга ҳиссий муносабатни шакллантириш.

3. Билимлар тизимини, малака ва кўникмалар, фаолиятнинг турли шаклларини эгаллаб олиш.

4. Болаларнинг жисмоний ва психик саломатлигини муҳофаза қилиш.

5. Бола шахсининг индивидуаллигини ҳимоя қилиш. Зеро, таълим фаол, ижодий, маҳсулдор, интелектуал фаолиятни ўзаро алоқадорликда амалга оширади. Ижодкорлик бошланғич таълимда ўқитувчи фаолиятининг асосий тури бўлиши зарур. Муаммоли вазиятлар ўқитишнинг ҳар қандай босқичида таълим мавзусини тушунтириш, уни мустаҳкамлаш, натижаларини назорат қилишда ҳам яратилиши мумкин. Ўқитувчи муаммоли вазиятни яратар экан, ўқувчиларни унинг ечимини йўлашга йўналтиради. Шундай қилиб, бола таълимнинг субъектига айланади ва унда янги билимлар шаклланади, у ҳаракат қилишнинг янги усулларини эгаллайди.

Педагогик ўйинлар айниқса, ўқувчилар ижодий фаолиятини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Айнан шундай ўйинлар воситасида катталар ва кичиклар ўртасида мулоқот ўрнатилади. Бу мулоқотлар шахсий ёндошув асосида қурилиши керак. Ўқитувчи болани фақат ўқувчи деб эмас, балки бир бутун шахс, ўзига хос инсон деб ёндашуви лозим. Ўйинларда боланинг шахсий сифатлари бойиб, ўқувчилар ижодий фаолиятларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади ҳамда ўқувчиларнинг ҳулқидаги ижобий қирралар ривожланади, ижобий тасаввур машқлари воситасида кузатувчанлик, хотира, диққатни кучайтириш имкони туғилади, психологик тўсиқлар бартараф этилади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Ғозиев Э. Тафаккур психологияси / Дорилфунун талабалари учун қўлланма. —Т.: ўқитувчи 1990.-184 б.
  2. Ҳайдарова О.Қ. Бўлажак ўқитувчиларни таълим жараёнига технологик ѐндашувга тайёрлаш. —Пед фанлари ном. ёзган автореферати. —Т.: 2004.-23 б.
  3. Ҳасанбоева О., Ҳасанбоев Ж. Ва бошқалар. Педагогика —Т.: Фан, 2006.- 282 б.
  4. Ҳусанбоева Қ. Адабий таълимда мустақил фикрлашга ўргатиш асослари. —Т.: Ўзгинкомцентр, 2003.-103 б.
  5. Ҳасанбоева О, Неъматова А., Ибрагимова Г Одобнома 4- синф Ўзбек миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриѐти — Т.:2007.- 48-50 б.
  6. Ҳасанбоева О., Неъматова А., Туробова М.Одобнома 3-синф Т., Ўзбекистон 2007.- 69 б.