Аннотация: Мақолада ўзбекча-қорақалпоқча таржималарда фразеологизмларни фонетик фарқли вариантда берилиши ҳақида сўз юритилади.

Таянч сўзлар: фразеологизм, фразема, ибора, қиёсий таҳлил, муқобил вариант, семантик умумийлик.

Аннотация: В статье говорится, что фразеологические варианты в узбекско-каракалпакских переводах представлены в фонетических вариантах.

Ключевые слова: фразеологизм, фразема, выражение, сравнительный анализ, альтернативный вариант, семантическая ассоция.

Ҳар бир тилга хос матн муайян халқнинг маданияти, урф-одатлари, анъаналари, тарихи, дунёқараши ва халқ руҳиятини ўзида акс эттиради. Айниқса бу ҳолат бадиий матнларда яққол кўзга ташланади. Шу боис ҳам бадиий матнни бошқа тилга ўгиришда кўплаб муаммоларга дуч келиш мумкин. Муайян воқеа-ҳодисани бошқа тилга айнан таржима қилиш, уни ўша халққа мансуб ўқувчи томонидан бошқача талқин қилинишига ҳам олиб келиши мумкин. Юқорида таъкидланган халқнинг маданияти, урф-одатлари, анъаналари, тарихи, дунёқараши ва халқ руҳияти каби унсурлар бир-бирига қанчалик яқин бўлса таржима матнини ёзувчи кўзлагандек идрок этиш имконини яратади. Шу боис ҳам қариндош тиллар орасидаги таржималарнинг бирмунча муваффақиятли бўлишининг сабаби бу тил эгалари бўлган халқларнинг дунёқарашида кўплаб умумийликлар мавжуд бўлади.

Шу боисдан Ғ.Саломов таржима маҳорати хусусида тўхталиб шундай ёзган эди: бадиий таржимани ҳақиқий ижодий иш деб билган ва уни қадрлайдиган ҳар бир таржимон ўз тилидан ташқари асар ўгирилаётган тилни яхши билиши лозим. Қолаверса, шу ҳалқ ҳаётидан, урф-одатларидан хабардор бўлиши керак [6:168].

Матннинг аслияти ва таржимаси бир хил талқин қилиниши кўпроқ таржимоннинг маҳорати, билим савияси, ҳар иккала халқ турмуш тарзи билан хабардорлигига боғлиқ.

Ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги фраземаларнинг кўпчилиги фонетик жиҳатдангина фарқланиб, мазмун-моҳияти, семантикаси айнан мос келади. «Бу тиллар туркий тилларга мансуб бўлса-да, иккаласи бошқа-бошқа гуруҳга: қарлуқ ва қипчоқ гуруҳларига киради. Бу икки гуруҳга оид тилларда лексик-грамматик тафовутлар билан бирга фонетик фарқлар ҳам кузатиладики, у ҳар икки тилнинг лингвистик хусусиятлари билан боғлиқ ҳодисадир» [1:18]. Масалан, ўзбекча оғзи бўш фраземасининг қорақалпоқча айнан муқобили аўызы бос тарзида ишлатилади. Бунда фонетик хусусиятлар: оғзи-аўызы лексемасида, бўш ва бос лексемасида ўзгаришда қўлланиши яққол кўринади. Яна шундай хаёл суриб  қыял сурип, кўз югуртди — көз жуўыртты, қулоғи оғир — қулағы аўыр каби фонетик жиҳатдан фарқланувчи ибораларни таржима асарларида бир қанчалаб келтириш мумкин.

Сабр косаси тўлди фраземаси ўзбек тилида сабр-чидами тугади маъносида ишлатилади. Ёзувчи бу фраземани бошқачароқ шаклда, нутқнинг таъсирли чиқиши учун фойдаланган: Сабри чидамай пақ этиб ёрилди-ю, ташқарига чиқиб, феълига яраша ҳунарини кўрсатди (Ҳ.И1.289). Унинг тоқати тоқ бўлди синоними ҳам мавжуд. Таржимон бу фраземани қуйидагича таржима қилган: Сабыры шыдамай паңқ жарылар едидағы, өз пейлине жараса өнерин көрсетер еди (Ҳ.И2.280). Бу фразема бошқачароқ шаклда, яъни тақаты болмаў шаклда қайд этилган бўлиб, чидами йўқ, чидамсиз маъноларини англатади [11:262]. Таржимон эса иборани айнан беришни маъқул топган. Ўзбекча сабри чидамай ва қорақалпоқча сабыры шыдамай фраземалари айнан ўхшаш бўлиб, улар бир хил лексемалардан ташкил топган. Қорақалпоқча фразема таркибидаги сўзларда фонетик фарқланишлар кузатилади.

Қуйидаги мисолда ҳам кўзига ёш олмоқ фраземаси қорақалпоқ тилига жуда тўғри ўгирилган: Тоҳирнинг назарида, ёмон бир бахтсизлик бўлишини ҳозирдан сезиб, кўзига ёш олаётгандек кўринарди (Ю.Т.8). Бу ибора ўзбек тилида кучли ҳаяжонланиш, тўлқинланиш натижасида кўзидан нам чиқармоқ маъноларида ишлатилади. Иборада эмоционал-бўёқдорлик, таъсирчанлик мавжуд. Қорақалпоқчага айнан ўхшаш көзине жас алды эквиваленти билан тўғри ўгирилган: Тайырдың нәзеринде, Рабия жаман бир бахытсызлық жүз беретуғынын ҳәзирден сезип, көзине жас алып атырғандай болып сезилди (Ж.Т.7).

Иккала матнда ҳам фразеологизм бир хил маънода ишлатилган. У нутқ таъсирчанлигини ошириш, таъминлаш учун хизмат қилган. Көзине жас алды (шығарды) фраземаси Қ.Пахратдинов ва Қ.Бекниязовларнинг "Қарақалпақ тилиниң фразеологизмлер сөзлиги«[9:98]да жылады, қайғырды шаклида изоҳланган.

Демак, көзине жас алды (шығарды) фраземаси кучли ҳаяжонланиш, тўлқинланиш натижасида кўзидан нам чиқармоқ маъноларини ифодалайди. Шундай экан, таржимада фразема ўзбекча муқобили маъносини тўлалигича акс эттирган.

Демак, қардош халқларнинг тиллари, урф-одати, маданияти, турмуш тарзи бир-бирига яқилиги сабабли ушбу тиллардаги фақат фонетик жиҳатдан фарқланувчи фразеологизмларни муқобиллари билан айнан таржима қилиш натижасида ҳам кутилган мақсадга эришиш мумкин.

Шартли қисқартмалар:

Ҳ.И1.289 — Файзий Р. Ҳазрати инсон. — Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1978.

Ҳ.И2.280 — Файзий, Р. Ҳəзирети инсан. —Нѳкис: Қарақалпақстан. 1983.

Ю.Т.8 — Қодиров П. Юлдузли тунлар. — Тошкент: Шарқ. 2012.

Ж.Т.7 Қодиров П. Жулдызлы түнлер. —Нѳкис: Қарақалпақстан. 2012.


Адабиётлар:

  1. Абдуллаев Ш. Таржима асарларда фразеологизмлар семантикаси (Т.Қайипбергенов асарларининг ўзбекча таржимаси асосида). НДА. -Тошкент. 2006.
  2. Абдурахимов М. Краткий узбекско-русский фразеологический словарь, -Тошкент: Ўкитувчи. 1976.
  3. Раҳматуллаев Ш. Ўзбек тилининг изоҳли фразеологик луғати. —Тошкент. 1978.
  4. Раҳматуллаев Ш. Ўзбек тилининг фразеологик луғати. —Тошкент. 1992.
  5. Садыкова М. Краткий узбекско-русский фразеологический словарь,-Т., 1989.
  6. Саломов Ғ. ва бошқалар. Таржима маҳорати.-Тошкент. Фан.1979. 168- бет
  7. Содикова М. Краткий узбекско-русский словарь устойчивых выражений. қисқача русча-ўзбекча барқарор иборалар луғати.-Т., 1994.
  8. Ешбаев Ж. Қарақалпақ тилиниң қысқаша фразеологиялық сөзлиги. —Нукус. 1985.
  9. Пахратдинов Қ, Бекниязов Қ. Қарақалпақ тилиниң фразеологизмлер сөзлиги. —Нөкис. «Қарақалпақстан». 2018.
  10. Файзий Р. Ҳазрати инсон. — Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1978.
  11. Қарақалпақ тилинин тусиндирме созлиги. IV том. 262-бет.
  12. Қодиров П. Юлдузли тунлар. — Тошкент: Шарқ, 2012.