Аннотация: Мақолада Алишер Навоий ижодининг қорақалпоқ ижодкорлари ва олимлари томонидан ўрганилиши ҳақида фикр юритилган.

Калит сўзлар ва иборалар: Навоий ижоди қорақалпоқ олимлари талқинида, ижодининг қорақалпоқ тилига таржималари, қорақалпоқ шоирлари ижодига таъсири, қорақалпоқ мумтоз шеъриятида жанрий ўзгаришлар

Таниқли олим К.Қурамбоевнинг маълумот беришича, Навоий асарлари Қорақалпоғистонда дастлаб қўлёзма шаклида тарқалиб, мактаб-мадрасаларда ўқитилган. Бердақ ва Ажиниёздан тортиб то И.Юсупов ва А.Ўтепбергеновгача бўлган шоирлар улуғ ўзбек санъаткори ижодидан таъсирланиб, унга эргашиб асарлар яратганлар, ғазалларига татаббулар ёзиб, мухаммаслар боғлаганлар. Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ, Ўтеш, Умар, Аяпберган Мусаевлардан тортиб Аббаз Дабилов, Содиқ Нуримбетов, Ибройим Юсуповгача бўлган шоирлар Навоий ижод чашмасидан баҳраманд бўлганини кўп бора таъкидлашган.

Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан «Уллы Наўайы», «Сыйлық», 1968 йили шоир таваллудининг 525 йиллигида «Алийшер Наўайы» китоблари чоп қилинди, шунингдек Н.М.Маллаевнинг «Гениал шоир ва мутафаккир» китоби қорақалпоқ тилига таржима қилинди.

Филология фанлари доктори, профессор Камол Мамбетовнинг «Наўайы хам қарақалпақ адебияты» китоби мутафаккир ва донишманд шоир Алишер Навоий асарларининг қорақалпоқ шоирлари ижодига таъсири, қорақалпоқ адабиётида тутган ўрни хақидаги дастлабки қадамдир.

Китобда XIX асрда яшаб ижод қилган қорақалпоқ классик шоири Бердах Навоийни устоз деб танишдаги асосий сабаблар, Навоий ижодининг Ажинияз ижодига бўлган таъсири, қорақалпоқ мумтоз адабиётида янги жанр, яъни ғазал, мухаммас, рубоийларнинг пайдо бўлишида устоз Навоийнинг тутган ўрни таҳлил қилинади.

Қорақалпоқ адабиётшунослигида Навоий асарларини ўрганиш 1930 йилларда бошланган. Бу йилларда «Қызыл Қарақалпақстан» газетасида Асан Бегимовнинг «Уллы озбек халқынын уллы шайыры», Нажим Даўқараевнинг «Уллы данышпан шайыр» каби мақолалари эълон қилинди. Марзағалы Дарибаев ҳамда Артиқ Шомуратовлар эса «Фарҳод ва Ширин» достонини таржима қилишди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда қорақалпоқ шоири Ибрайим Юсуповнинг қорақалпоқ шеъриятига Навоий жанрий анъаналарини олиб кирганлиги таъкидланади. Ушбу анъаналар натижасида қорақалпоқ шоирлари Марат Қорабоев, Абулқосим Ўтапбергеновлар ўз ғазаллар тўпламларини нашр қилдиришди.

Шоир Даулен Айтмуратов Навоий ғазалларини қорақалпоқ тилига таржима қилиб икки марта нашр қилдирган, Маден Матназаров эса "Хамса«даги «Сабъаи сайёр» достонини «Жети ықлым» номи билан таржима қилди.

Шоир Абилқосим Ўтапбергенов Навоий ғазалларига бир неча мухаммаслар боғлади.

Қабил Махсетов ҳам Алишер Навоий ижодининг қорақалпоқ адабиётига таъсири масаласини алоҳида тадқиқ қилинганлигини кўриш мумкин. Бу йўналишда Исмоил Сағитов, Камол Мамбетов, Айдар Муртазаевларнинг мақолалари чоп қилинди.

Ўтган асрнинг 30-йилларидан шоир шеърлари қорақалпоқ тилига таржима қилина бошлаган. 1937—1940-йилларда М.Дарибоев, А.Шомуратов, Ж.Аймирзаев, Н.Жапақовлар унинг бир неча ғазалларини, «Фарҳод ва Ширин» достонидан парчаларни ўгирган бўлсалар, 1939 йилда шоирнинг "Чор девон«идан туркум ғазаллар, «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонининг баъзи боблари китоб шаклида босилади. 1968 йилда «Лайли ва Мажнун» достони қорақалпоқ саҳнасида намойиш қилинган. Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи Қорақалпоғистонда ҳам кенг нишонланади. Шу муносабат билан шоир ғазаллари, «Ҳайрат ул-аброр» достонидан намуналар Б.Қайпназаров таржимасида нашр этилди. Д.Айтмуратов Навоийнинг 130 га яқин ғазал ва ҳикматларидан намуналар, шунингдек, «Ҳайрат ул-аброр», «Лайли ва Мажнун» достонларидан боблар таржима қилиб, алоҳида тўплам ҳолида нашр эттирди (1991).

Қорақалпоғистон адабиётшунослигида навоийшунослик алоҳида йўналишга айланиб улгурди. Ж.Аймирзаев, А.Бегимов, Н.Давқараев, М.Дарибаев, Н.Жапақов, И.Сағитов, А.Муртазаев, Қ.Мақсетов, К.Мамбетов, Ҳ.Ҳамидов, Қ.Жаримбетов, К.Қурамбоев каби олим ва адибларнинг шоир ҳаёти ва ижоди, асарларининг таржималари ва адабий таъсир масалаларига бағишланган кўплаб мақола ва рисолалари фикримизнинг ёрқин далилидир. Бу ўринда К.Мамбетовнинг Шарқ адабиёти, жумладан, Алишер Навоий ижодини қорақалпоқ адабиёти билан қиёсий ўрганган қатор мақолалари, «Навоий ва қорақалпоқ адабиёти» (1991), «Ўзбек ва қорақалпоқ адабий алоқалари» (1992) рисолаларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. К.Қурамбоевнинг «Кўнгил бермиш сўзимга» (1992) номли монографиясининг бир боби ҳам Навоий ва қорақалпоқ адабиёти масалаларига бағишланган.

Филология фанлари доктори Қурбанбай Жаримбетов «Ашық Зийўар» китобида Ажинияз лирикасининг жанрий хусусиятларини, тимсол ва рамз яратишда Навоий ижодининг таъсирини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Маълум бўладики, Навоий ва туркий халқлар адабиёти алоҳида тадқиқот мавзуи бўлиб, шоир адабий ва илмий меросининг туркий халқлар орасига тарқалиши, асарлари қўлёзмаларининг кўчирилиши, ўзидан кейинги ижодкорларга таъсири ва издошлари, асарларининг нашрлари ва таржималарини қиёсий жиҳатдан ўрганиш нафақат ўзбек, балки барча туркий халқлар адабиётшунослигининг муҳим ва долзарб масалалари ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. К.Мамбетов. Наўайы хам қарақалпақ адебияты. Н.1991.
  2. Д.Айтмуратов. Алийшер Наўайы. Н.1991.
  3. Қ.Мақсетов. Қарақалпақ адебиятынын тууысқан халықлар адебиятлары менен байланысы. Н.1987.
  4. Қ.Жаримбетов. Ашық Зийўар. Н.1998.