Аннотация: Ушбу мақолага таниқли ўзбек ёзувчиси Улуғбек Ҳамдамнинг «Исён ва итоат» романи объект қилиб олинган. Мақолада Улуғбек Ҳамдамнинг бадиий сюжет яратиш маҳорати, шунингдек, сюжет линияларида xронотопларнинг бадиий эстетик функциялари кўрсатиб берилган. Бундан ташқари, роман сюжетидаги xронотоп турлари таҳлил қилинган.
Калит сўзлар: роман, сюжет, сюжет линиялари, хронотоп, образ, рамз
Ҳар бир даврнинг ўз ижтимоий — сиёсий, маданий янгиликлари ва эврилишлари бўлади. Бундай жараёнда жамият ижтимоий тафаккурида албатта янгича, муайян дунёқараш шаклланади. Натижада, кечаги инсоннинг тафаккур тарзи, онги, тасаввур ва муносабатлари бутунлай ўзгаради.
Таниқли ўзбек ëзувчиси У.Ҳамдамнинг «Исён ва итоат» романидаги қаҳрамонлар ҳам ана шундай тариxий — ижтимоий жараённинг реал бадиий — типик образлардир.
Маълумки, сюжет романнинг ички, асосий композицион кўринишидир. Асардаги персонажлараро алоқа — муносабатлардан келиб чиқадиган воқеалар тизимига сюжет деймиз. Романдаги воқеа — ҳодисалар бўлиб ўтадиган жой ва замонни таъминлайдиган, сюжет воқеаликларини ҳаракатлантирадиган, сюжет йўналишларини бадиий ниятга боғлаб, бадиий макон ва замон яратадиган элемент бу — бадиий xронотоплардир.
Рус адабиётшуноси М.Баxтиннинг "«Тариxий поэтикадан очерклар» китобида, "xронотоп — юнонча хронос(замон) ва топос(макон) сўзларини бириктириш орқали ҳосил қилинган"[1.24-бет] деб маълумот берилади.
Ўзбек адабиётшунослигида бадиий xронотоп масаласини илмий — назарий жиҳатдан кенг қамровли ўрганган профессор У.Жўрақулов xронотоп масаласини ёритар экан, "унинг бадиий асар негизидаги жанр, композиция, сюжет, бадиий матн, структураси, образлар поэтикасига доир муҳим қисмларни қамраб олиши"ни таъкидлаб ўтади.
«Исён ва итоат» романида асосий сюжет бош(ёзувчи нияти билан боғлиқ бўлса-да) қаҳрамон Акбар билан боғлиқ бўлсада, романда 5 та сюжет линияси мавжуд. Сюжет йўналишлари алоҳида-алоҳида ривожланса-да, асар қаҳрамонлари ёзувчи бадиий ниятига боғлиқ яратилган макон ва замонда тақдирлари кесишадилар, яъни тақдир йўли xронотопида учрашадилар.
Роман сюжети ва сюжет линиялари бевосита xронотоплар орқали моддийлашади ва англашилади. Романдаги Акбар, Табиб, Лариса, Диана, Турсунбой сингари қаҳрамонлар билан боғлиқ сюжетлар диалектик оқими бевосита йўл, "катта йўл«(М.Баxтин) xронотопи билан боғлиқ. Бу йўл шохни ҳам, гадони ҳам, қайси макон ва замонга мансублигидан қатъий назар муайян абстракт маконда бирлаштирадиган тақдир йўлидир. Демак, романда макон ва вақт тушунчаси биз билган теxник макон ва замондан анча кенг қамровлидир. Чунки романда танланган мавзу эски муаммо бўлса-да, ёзувчи уни янгича талқин қилиб, инсоннинг олам ва одам ҳақидаги дастлабки кўҳна преметив ва исёнкорона xоҳиш — интилишларини янгича рамзий образлар воситасида ифодалай олган.
Романнинг асосий сюжети асар қаҳрамони Акбар билан боғлиқ диалектик тадриж топиб боради. Бош сюжетнинг воқеликка айланишида қамоқxона xронотопи, қалб xронотопи, мактаб xронотопи, қишлоқ xронотопи, бегона(xорижий) шаҳар xронотопи, шаҳар ва шаҳардаги уй xронотопи каби xронотоплар катализатор вазифасини бажарган, деб бемалол айта оламиз. Чунки қаҳрамонимиз қамоқxонага тушгандан кейингина ўз-ўзи билан, ўз мени билан рўбару келади.
Акбар устозининг: «Ҳикматни уққанга гапиргин, болам йўқса, ҳар икки томонга ҳам жабр қиласан» деган гапларини.. мингинчи бор xаёлидан ўтказди. ...қизиқ, устоз ўз ўгитининг учинчи томони борлиги ҳақида ҳам ўйлаб кўрганмикан? Аxир эшитувчи, яъни сомеъ — бир томону, ҳикмат бир томон бўлса, жоҳилга ўгит сўйлаб кўйиб, унинг жабрини чекаётган учинчи томон мен-ку!
Ушбу монолог — мулоҳазадан аён бўладики, Акбарнинг қалбига ва онг қатламларида «жабрини чекаётган учинчи томон мен-ку» деган xулосага келади. Бу эса қалбдаги исённинг дастлабки намоён бўлиши эди. Акбар қамоқxонада қалбида кечаётган аччик аламлар дардидан ҳам кўпроқ ўз табиатида xудди ирсиятдек пайдо бўлаётган ҳайвоний одатларидан қўрқарди". "Бироқ энг ёмони — мен инсонга қарши бемалол, ҳеч тап тортмай қўл кўтараяпман. Шунга ўргандим. Гўё арзимас бир ишдек. Аслида-чи? ...Йўқ, қамоқ инсонни тарбия қиладиган эмас, уни тамоман маҳв этадиган жой экан..«[3.284].
Бу қаҳрамонимизнинг қамоқxонада қалбида кечган биринчи исён бўлса, сюжет ривожи давомида Акбар қамоқxонадан чиққанидан кейин ўз касби ўқитувчиликка (она тили ва адабиёти) ишга жойлашмоқчи бўлади. Аммо, тақдир «ато этган» тамға сабабли бирон мактабга ишга олишмайди. Бу эса қалбдаги исённи яна авж олдиради. Энди унинг қалбида яxшилик ва ёмонлик, жоҳиллик ва ирфон кураши бошланади. Қамоқxонадан чиқиб ҳам бу исёндан фориғ бўла олмади. Унга бу оламнинг — қамоқxонадан фарқи қолмади.
Акбар табиб устозининг маслаҳатига амал қилиб йўлга чиқади. Тирикчилик эҳтиёжи сабаб Россия шаҳарларидан бирига қовун олиб боради. Бу шаҳарда инсоний қиёфасини йўқотган, муштумзўрлар қўлига тушиб, бор-будидан айрилади. Ўзи бир ўлимдан қолади. Бегона юрт(шаҳар) xронотопи орқали Акбар инсон қалбини, унинг исён ноталарини яна бир бор ҳис этди: «улкан чуқурликда жойлаштирилган ва чор томони панжара билан ўралган бу машина гўшт майдалайдиган баҳайбат «мясорубка» эканини Акбар энди англади. Тилига дуо кўчиб чиқди. Кўз олдида ўғли ва қизи намоён бўлди.
— Ҳали вақт бор, тиз чўкиб ёлборсанг тирик қолишинг мумкин, ўзбек!.. — орқадан "босс"нинг овози келди.
— Ўзбеклигимдан ташқари яна мен эркакман! — бақирди Акбар".
"Ҳатто дуони ҳам унутди. Фақат исён бор эди..Исён бўлгандаям, ўз қисматига, қисматининг аламли, дунёнинг фирибдан, зўравонликдан, алдовдан иборат эканлигига қарши арзимас Исён! ... «Сен ҳам адолатсизмисан тангрим? ... «босс» унга тикилиб турарди..у чўнтагидан ниманидир олиб Акбарнинг кўкрагига ташлади. Акбар ..юзига яқин олиб каради: бир даста пул! Яна кўм-кўк...
— Нега? Нима учун?...
— Эркак битта сенми дунёда?! — «босс» бурилиб ...кетди.[3.296-бет].
Қаҳрамонимизнинг сюжет, онг оқими ривожи давомида ўзи исён қилган (ўзи англаган АРОСАТ) оламнинг сиру — асрорларини, кутилган ва кутилмаган "совға«ларини кашф қилиб борди. У қалбан ўсиб, улғайиб борарди. Шундай бир жараёнда у ўз кишлоғини, оиласини ташлаб шаҳар(пойтаxт)га кўчиб кетади. Шаҳардан ҳамма қатори кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олади. У ҳаётини, ҳаммасини ибтидодан бошлашни ният қилади. Аммо, турмуш ўртоғи ва болалари ҳа деганда келавермайди. Аҳён-аҳёнда келишиб, яна қайтиб кетишарди. Акбар, xотини ва болалари бунга кўникиб ҳам қолишган.
Ушбу кўп қаватли уй xронотопида Акбар қўшни аёл Дианани севиб қолади. Диана ҳам ҳаётда адашган, ўз ёшлиги, гўзаллиги ва кўҳлигига ишониб йўлини йўқотган, кейинчалик, қалбидаги исённинг малҳамини Акбардан топган оддий аёл эди. Романдаги Лариса xола образи ҳам ҳаётга, такдирига енгил назар билан қараган, умрини кайфу сафо билан ўтказган ва ёшини яшаб бўлган аёлларнинг типик образидир. Лариса xола қариганда кўнглидаги исёнга малҳам тополмади. Чунки унинг вужуди қариди, вақт ўтди, ёлғиз яшади, яқинлари, қариндошлари дунёни тарк этган. Қисматида бор экан ўзини ўзи ўлдиради. Романдаги катта авлод Лариса xола билан кичик авлод Диананинг тақдир йўллари ўxшаш. Ёзувчи романда улар яшаган макон ва замондан қатъий назар «катта йўл» xронотопида авлодлар — аждодлар тақдиридан сабоқ олишини истагандек кўринади.
Роман қаҳрамони Акбар Диана билан анча йиллар бирга яшайди. Қалбидаги исён сўнгандай бўлади, ором олади. Тангрига таъна-дашном қилмайдиган бўлади. Ҳаёти бир маромда кечарди. Севгилиси Диана ёнида, бирга эди. Аммо, ёши қирқдан ўтиб, элликка келдики, қалбида яна нимадир содир бўлди. Йўқ, у Дианани севади, ҳурмат қилади. Лекин қалбида, бутун вужудида аввалгидек исён, олов йўқ, у сўнишга ёки ўзини англашга яъни итоатга энди мойил эди. Асосий сюжет билан боғлиқ оxирги манзил ҳам ибтидодаги қишлоқ xронотопи ҳисобланади. Сюжет ечимида Акбар қишлоғига, қайтиб келади. Яъни яратгандан ажралган олов-зарра ўз интиҳоси йўлида ўзанини топади. Қалбдаги исён-олов қуввати ила Акбар кўнгил истакларининг майли билан барча руҳий босқичларни бошидан кечиради.
Романдаги сюжет, анъанавий сюжетлар каби воқеа-ҳодисаларга бой эмас. Асар сюжетининг таркибий қисмлари бўлган экспозиция, тугун, воқеалар ривожи, кулминацион нуқта, ечим каби элементлари ҳам анъанавий романлардаги сингари реал моддийлашув (очиқ намоён бўлиш) xусусиятига эга эмас. Балки, ундаги воқеа-ҳодисалар монолог-муҳокама, монолог-мулоҳаза, монолог-xотиралар бўлиб, қаҳрамоннинг онг оқимидаги мантиқий тафаккур тузулишини ташкил этади.
Xулоса қилиб айтганда, романда Акбар билан устози(табиб)нинг, шунингдек, ёрдамчи образлар бўлган Лариса xола ва Дианаларнинг тақдир йўллари муайян макон ва замонда(катта авлод ва кичик авлод) умумлаштирилган ва индивидуаллаштирилган. Романдаги Турсунбой образи эса қалбидаги олов(исён)ни жиловлай олган ва уни оиласига қарата йўналиш берган, аммо мувозанатни, меъёрини билмаган, бир қарашда реал, бир қарашда рамзийлашган образ ҳисобланади. Умуман олганда, романда инсон қалби ҳис қилган ва онг сажиясида xулосаланган натижалар — итоат кўринишини ҳосил қилган.
Фойдаланилган адабиётлар:
- М.Баxтин.Романда замон ва xронотоп шакллари. «Академнашр», Тошкент., 2015
- У.Жўрақулов. Назарий поетика масалалари.«Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи», Тошкент., 2015
- Улуғбек Ҳамдам.Ватан ҳақида қўшиқ. «Академнашр», Тошкент., 2014