Имиж яратиш босқичларида мулоқот ташқи кўринишдан кейинги ўринда туради. Бироқ ташқи кўриниш орқали яратилган имиж вақтинчалик, шу билан биргаликда баъзан алдамчи бўлиши ҳам мумкин. Инсон ҳақидаги тасаввурлар асосан вербал усулда, яъни нутқ ва мулоқот ёрдамида шаклланади. Айниқса, педагогик фаолият жараёнида вербал восита муҳим аҳамият касб этади. Чунки ўқувчи ёки талабага таълим бериш ва тарбиявий таъсир ўтказишнинг бирдан-бир воситаси нутқдир. Бўлажак педагоглар учун муомала маданиятини, нутқ маданиятини эгаллаш айниқса зарур бўлиб ҳисобланади. [1]

Педагогнинг нутқий эффект орқали имиж яратиши нотиқлик ва мулоқот кўринишида намоён бўлади. Ўқитувчи нутқи биринчи навбатда нутқнинг коммуникатив талабларига жавоб бериши, шу билан бирга интерактив (таъсир ўтказиш) хусусиятларга эга бўлиши лозим.

Ўқитувчи педагогик нотиқлик маҳоратига эга бўлмаса маърузанинг мазмунини, дарснинг назарий тушунтириш қисмини тингловчилар (талаба ёки ўқувчилар)га тўлиқ ва таъсирли етказа олмайди. Натижада таълим сифатига путур етади.

Нутқ тингловчи (ўқувчи) ва сўзловчи (ўқитувчи) орасидаги ахборот ташувчи восита ҳисобланади. Узатилаётган ахборот (билим, кўникма)нинг тўлиқ ва таъсирли етказилиши учун нутққа бир қанча талаблар қўйилади. Профессор Н.Маҳмудов «Ўқитувчи нутқ маданияти» китобида бу талабларни нутқнинг коммуникатив сифатлари [2] деб юритади. Буларга нутқнинг тўғрилиги, нутқнинг аниқлиги, нутқнинг мантиқийлиги, нутқнинг софлиги, нутқнинг жўялилиги каби сифатлар киритилади. Мазкур сифатларнинг миқдори ва номланиши бўйича турли адабиётларда турлича фикрлар билдирилган. Нутқнинг таъсирчанлиги масаласи эса айрим адабиётларда коммуникатив сифатлар орасида санаб ўтилса [3], айрим адабиётларда эса коммуникатив сифатлар нутқнинг таъсирчанлигини таъминлайди [2], деб кўрсатилади. Бир қарашда биринчи айтилган фикр тўғридек туюлади. Бироқ чуққурроқ ўйлаб кўрсак, нутқнинг коммуникатив сифатлари тингловчи ва сўзловчи орасидаги мулоқотнинг тўғри йўлга қўйилиши, яъни узатилаётган ахборотни тўлиқ ва аниқ бўлишини таъминлайди, холос. Нутқнинг таъсирчанлиги деганда, кўпроқ тингловчининг ахборотга бўлган муносабат — диққат, эътибор ҳамда нотиқнинг фикрларини тан олиш назарда тутилади. Шунингдек, мулоқот жараёнида берилган топшириқнинг ижросига бўлган майл ҳам бевосита нутқнинг таъсирчанлиги орқали амалга оширилади.

Нутқ фақат бир томонлама амалга оширилса у жонсиз ҳолга келиб қолиши мумкин. Яъни, ўқитувчи ўз нутқи орқали узатилаётган ахборотнинг ўқувчига қай даражада етиб бораётганлигини аниқлаш учун баъзан улар билан мулоқотга киришиб туриши лозим. Шунингдек, таълим жараёни кўпроқ мулоқот шаклида ташкил этилсагина самарали натижага эришиш мумкин. Чунки ҳар қандай ахборот узатиш жараёнида ҳам тушунмовчиликлар, ноаниқликлар, янги терминлар учраши табиий.

Педагогик мулоқот жараёнида муайян саволга муайян қолипдаги жавобни бериш керак деган догматик қоиданинг ўзи йўқ. Мулоқотда саволга жавоб бериш, таклифга муносабат билдириш каби жараёнлар фақат прагматик тарзда (вазият тақазосига кўра) шаклланади. Муҳими, нутқнинг аниқ бўлишидир. Шунингдек, ҳалимлик билан топқирлик асосида билдирилган фикр эътиборли, шунингдек, безиён бўлиши табиий. Айниқса фикрни чиройли шаклда тақдим қилиш қобилияти имиж яратишда жуда муҳим ўрин тутади. Бу борада мулоқот этикетларга риоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. [4]

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, педагогик фаолият фақат нотиқлик билан чекланиб қолмаслиги керак. Ўқитувчи таълим-тарбия жараёнини жонли мулоқот шаклида ташкил қила олиши, чиройли гапириш билан бирга фаол тинглашни ҳам билиши, энг муҳими мулоқот этикетларига изчил амал қилиши лозим. Шундагина ҳар бир педагог ўз компетентлигини намоён қилиб, ўқувчилар тасаввурида ижобий имижини ярата олади.

Адабиётлар:

  1. Suyunov O.J., Tashmatov Sh.O’. Notiqlik san‘ati va nutq madaniyati. SAMARQAND — 2010. 5-бет.
  2. Маҳмудов Н. Ўқитувчи нутқ маданияти. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси. -Т. 2007. 42-бет
  3. Rasulov R., Mo’ydinov Q. Nutq madaniyati va notiqlik san’ati. Toshkent 2011. 20-bet.
  4. Бобожонов Ф. Шахс имижи. — Тошкент: Янги аср авлоди. 2017. 61-бет.