Бошланғич синфларда «Атрофимиздаги олам», «Табиатшунослик» дарсларини замон талабларига жавоб берадиган ҳолда ўқитишда «Саҳналаштирилган», «Ўйин — мусобақа», «Тест-синов», «Саёҳат» дарсларидан фойдаланиш самарали натижа беради.

Замонавий дарс ўтиш усулларининг ўзига хос хусусиятлари: мавзуни мухокама қилиш; эркин фикрлаш; хамкорликда ишлаш; жуфт бўлиб гуруҳларда ишлаш; давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар; ролларни ижро этиш; муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун фикрлаш.

Замонавий усуллар ўқувчиларнинг ўз фикрини ҳимоя қилиш кўникмасини шакллантиради, ҳамкорликда ишлашни ўргатиб, уларни ҳаётда учраб турадиган қийинчиликларни биргаликда енгиш тажрибасини сингдиради. Замонавий усуллардан фойдаланиш: синф муҳитини ўзгартиради; мавзу қандай ўқувчиларнинг ўрганилиши кераклигини белгилаб беради; ҳар бир ўқувчини фаоллаштиради.

Бугунги кунда ўқитувчи ўқитиш учун фақат зарурий ахборотларнигина танлаб олиши ва ўқувчини бевосита мустақил билим олишга ўргатмоғи лозим. Бу жараёнда ўқитувчининг педагогик маҳорати, унинг чуқур билими, инсоний одоб-ахлоқи муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозирги кунда замонавий усуллардан фойдаланиб дарс беришда ўқитувчи моҳирликдан ижодкорликка интилиши ва бу билан таълим соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоғи талаб этилади. Замонавий педагогик технологияларни қўллашда ноанъанавий дарс усулларидан фойдаланиш орқали иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларда ўз кучларига ишонч ҳосил қилишлари учун имкон яратиш, синфдаги ўқувчилар ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамкорлик туйғуларини шакллантиришга эришиш назарда тутилади.

Педагогик технология маълумотларни ўзлаштириш учун қулай шакл ва усуллардир. Демак, педагогик технология инсонга одиндан белгиланган мақсад бўйича таъсир ўтказиш фаолиятидан иборат. Муаммоли ўқитишнинг асоси — ўқувчилар билиш фаоллигини ривожлантиришдир. Муаммоли ўқитишни ўз ичига олган дарсларда ўқувчиларга янги маълумотларни ўзида сақлаган масалаларни ҳал қилиш таклиф қилинади, токи, улар билимларни ўзлаштириш ва уларни амалда мустақил қўлланиш усулларини эгаллаб олсинлар.

Муаммоли дарс қуйидаги босқичларга бўлинади: муаммоли вазият яратиш; муаммоли ифодалаш; муаммо ечимини излаш; ечимнинг тўғрилигини текшириш. Дарс шундай тарзда тузилиши керакки, унда қўйилган муаммога ўқувчиларда қизиқиш уйғонсин, билим олиш тизимидаги аҳамияти кўрсатилсин, янги билимлар олишга эҳтиёж туғилсин. Дарсларда дастурлаштирилган ўқитиш, яъни амалий ишлардан, қизиқарли топшириқлардан фойдаланиш муаммоси ўта долзарбдир.

Ҳозирги пайтда ўқувчиларнинг билим олиш фаолиятини жадаллаштириш ва уларнинг атроф-олам ва эколгик билимлар билан таништириш дарсларида олган билимларини текшириш мақсадида ҳар бир ўқувчининг ўқув жараёнида мустақиллигини таъминловчи ва ўқув материалини ўзлаштиришда ёрдам берувчи амалий ишлар тизими қўлланилмоқда.

Дастурлаштирилган ўқитиш босқичма-босқич билим олишни кузатишга имкон яратади, ўқув жараёнига қандай ўзгартиришлар киритиш кераклигини ҳам кўрсатади. Дастурлаштирилган ўқитиш учун қуйидагилар керак: ўқув материалининг пухта таҳлили, унинг қатъий танланиши ва мантиқий кетма-кетлик бўйича бўлиниши; ўқувчиларнинг билим олиш фаолиятини текширишдаги раҳбарликДастурлаштирилган ўқитишда ўқувчиларнинг ўқув материалини қўллашда фаоллиги ва мустақиллиги ортади, ўқитиш жараёнини индивидуаллаштириш имкони пайдо бўлади, техник воситали ўқитиш кенг қўлланилади, ўқитувчи ва ўқувчи меҳнатини оқилона ташкил этишга эришилади. Назорат ишларини дастурлаштиришнинг тамойили ўқувчиларнинг оғзаки жавобларини шартли белгилар ва чизиқлар билан ёзма равишда алмашишидир. Уларнинг ортиқ жиҳати шундаки, улар қисқа вақт ичида ҳар бир ўқувчининг ўтилган мавзуни ўзлаштириш даражасини аниқлай олади.

Тажриба атроф-олам ва табиат билан танишиш дарсларида билим олиш фаолиятини фаоллаштириш мақсадида дастурлаштирилган ўқитиш усулларидан фойдаланишнинг афзалликларини кўрсатади. Афзаллиги шундаки, ўқув материалини ўзлаштириш даражасини ўқувчиларнинг ўзлари шу дарс мобайнида текширишлари мумкин. Бошланғич синфларда дастурлаштирилган ўқитишда тезис туридаги тарқатма топшириқлар, рақамлар, тарқатма тестлар, график топшириқлардан фойдаланиш мумкин.

График топшириқларни бажараётганда ўқувчиларга «-» нотўғри жавоб, «^» - тўғри жавоб эканлигини тушунтириш лозим. Ўқитувчида эса график усулдаги жавобларни тезда аниқлашга мослаштирилган асбоб бўлиши керак. Масалан:

21-март — Наврўз байрами.

1-октабр — Устоз ва мураббийлар куни.

1-сентябр — Мустақиллик байрами.

8-декабр — Ўзбекистон Республикаси Конститутсияси куни.

Музёрар усули. Бу усулни биринчи дарс ёки янги бўлим бошлаш

олдидан ўтказиш мақсадга мувофиқ. Ўқитувчи навбатдаги ўтиладиган бўлим юзасидан қисқача маълумот беради. Масалан: «Ўлкамизда куз» бўлимида ўқувчи йил фасллари, пахта терими, ижтимоий фойдали меҳнат, кузги ўсимликлар, ҳашаротлар ҳаёти ҳақида умумий тушунчалар бериб ўтади. Бу ҳақда ўқувчилар ҳам ўз фикрларини баён этадилар.

Менинг исмим Шуҳрат. Менга куз фасли ёқади. Чунки барча мевалар

пишади. «Ҳосил байрами» қиламиз, ота-онамга қовун-тарвуз йиғишда ёрдам бераман. Мен катта бўлганимда жуда чиройли боғ яратаман. Боғимда ширин-шакар мевали дарахтлар бўлади.

Менинг исмим Комила. Мен куз фаслини яхши кўраман. Чунки дарахт барглари чиройли рангда товланади. Далаларда оппоқ пахталар очилади. Пахтадан чиройли ёстиқчалар тикиш мумкин. Мен келажакда тикувчи бўлмоқчиман. Шу тарзда ҳар бир ўқувчи ўзи ҳамда табиатга даҳлдорлик ҳақида гапирадилар. Бу усул ўқувчиларни мустақил фикр юритишга, оғзаки нутқни ўстириш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам беради.

«Сўз топ» ўйини. Бу методдан дарснинг ҳамма қисмларида фойдаланиш мумкин. Ўқитувчи қушлар, ҳайвонлар, мева, сабзавотлар ҳақида бир сўз айтади, ўқувчилар давом эттирадилар. Ўқитувчи бошлаган сўз қайси ҳарф билан тугаса, ўқувчи шу ҳарфдан бошланган сўзни айтиши керак.

Масалан: тулки — илон — ниначи — ит — типратикан — нор туя — ялқов; (панда) — айиқ — қарға — ари ва ҳоказо. Бу усул ўқувчиларни тезкорлик билан фикр юритиб, жавоб беришга ҳамда хотирасини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

«Кластер» усули. Бу усул ўқувчига берилган мавзу бўйича эркин ўйлаш ва фикрларни бемалол баён этиш учун шароит яратади. Ўқувчи нимани ўйлаган бўлса, шуни айтади ва ёзади. Ёзилган фикрлар тўғри ёки нотўғри бўлишидан қатъий назар, муҳокама қилинмайди ва белгиланган вақтгача давом этади. Бу эса синфнинг ҳар бир ўқувчи томонидан илгари сурилаётган ғояларни уйғунлаштириш ҳамда улар ўртасидаги алоқаларни топа олиш имкониятини яратади. «Кластер» усули янги мавзуни бошлашдан аввал ўқувчини дарсга қизиқтириб, шу мавзу бўйича аввал эгаллаган билимларини аниқлаш мақсадида ҳамда ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш учун ўтказилади. «Мозаика» — яъни майда бўлаклардан яхлит кўринишни ҳосил қилиш.

Бунда қушлар, ҳайвонлар. дарахтлар, мевалар расмлари бўлакларга бўлиниб, ҳар бир гуруҳга алоҳида тарқатилади. Гуруҳ қатнашчилари бўлакчаларни бир бутун кўринишга келтирадилар. Гуруҳ сардорлари чиқиб, яхлит ҳолга келган ҳайвон, мева ёки дарахт ҳақида гапириб беради.

«Тўхтаб ўқиш» усули. Ўқитувчи матн билан таништириш жараёнида бир неча маротаба тўхтаб ўқувчиларга саволлар билан мурожаат қилади. Саволлар айнан матнга тегишли бўлиши зарур. Ёки ўқувчи матн ўқиш жараёнида тўхтатилиб, нима ҳақда ўқиганлиги сўралади. Бу усул орқали ўқувчиларнинг диққати жамланади, мустақил фикрлаш кўникмалари шаклланади. Занжир" усули. Бу усул шеър, топишмоқ, мақоллар берилган дарсларда қўлланилиши мақсадга мувофиқдир. Ўқувчилар тартиб билан кетма-кет берилган шеър мисраси ёки топишмоқ қаторини айтадилар. Бу усулни қўллаганда ўқувчи уялиб қолмаслик учун берилган шеър, мақол, топишмоқни ёд олишга мажбур бўладилар.

Хулоса урнида шуни таъкидлаш керакки. Бошланғич таълим босқичида ўқувчиларга табиатшунослик фанидан билим беришда, кўникма ва малакаларни шакллантиришда ана шундай хилма-хил замонавий усуллардан фойдаланиш юқори натижа беради. Айниқса, дарсларда педагогик технологиялрни қўллаб, интерфаол усулларда ташкил этиш ўқитувчидан кўп меҳнат талаб қилсада, ўқувчиларни аниқ, тез, лўнда жавоб бериш ҳамда мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириб, ижодий фаолиятга йўналтиради. Бу дарс самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Адабиётлар руйхати

  1. Эргашев А.Умумий экология.-Т.: «Ўзбекистон», 2003 йил
  2. 1-синф «Атрофимиздаги олам», А.Г.Григорянс, 10-нашр Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент-2013 йил.
  3. 2-синф «Атрофимиздаги олам», Р.Ғуломов, Ш.Мирзахматова, 3-нашр Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент-2012 йил.
  4. 3-синф «Табиатшунослик», А.Баҳромов, 3-нашр Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент-2012 йил.
  5. 4-синф «Табиатшунослик», А.Баҳромов, 2-нашр Шарқ нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, Тошкент-2013 йил.
  6. www.pedagog. uz.
  7. www. ziyonet.