XX аср бошларидаги сиёсий — иқтисодий бўхронларга қарамай Бухорода асрлар мобайнида шаклланиб, сайқал топган халқ амалий санъати яшашни давом эттирди. Унинг бой ва хилма -хил турлари хамда шакллари орасида Бухоро наққошлиги ва миниатюрасини алохида таъкидлаш мумкин. Бу хунарни янги юз йилликка опичлаб олиб ўтган серқирра халқ усталари миниатюрачи рассом ҳамда заргар Садриддин Поччаевлардир.

Садриддин бинни Почча (Поччаев) (1870 — 1948 йиллар) Ромитан туманининг Пайшанба қишлоғидан бўлиб, ёшлигидан отасидан етим қолади. Машаққатли етимлик йилларидан кейин 10 ёшида онаси уни бухоролик заргар уста Миразимга шогирдликка беради. Йигирма йиллик шогирдликдан кейин, ноёб истеъдод эгаси Садриддин Поччаев Бухоро амири Абдулаҳадхон (1885-1910 йиллар) хамда Мир Сайид Олимхон (1911 1920 йиллар) хукмронлиги даврида сарой заргари сифатида Аркони давлатдаги махсус сарой хунармандлари шуғулланадиган жойда фаолият кўрсатади. Бу ерда кўплаб усталар қатори моҳир заргар Садриддин Поччаев хам заргарлик зеби — зийнатлари ва сарой буюмларини ясайди, махсус ертўлада кумуш ва олтиндан Бухоро тангаларини зарб қилишда иштирок этади.

1920 — 1924 йилларда у янги ташкил қилинган хунармандлар ширкатида фаолият кўрсатади. Янги шаклдаги предметлар сигарет қуттичаси, тамакидон, сандиқча ва бошка турли хил буюмлар ясайди. Аммо қимматбахо металлар: олтин ва кумуш, тошлар мусодара қилиниб, давлат ихтиёрига ўтгач, заргарлар таъқиб остига олингач, Садриддин Поччаев ўзи учун янги бўлган хунар — миниатюралар чизишга киришади. Тасодифий бахтсизлик, санъат сохасида янги бир соҳада муваффақиятлар Саддриддин Поччаев ижодига хос холатдир. Мусаввир анча ёшга кириб қолганига қарамай, бу сохада хам сезиларли ютуқларга эришади. Садриддин Поччаевнинг миниатюрачи уста сифатидаги илк иши Бухоро сўнгги амирининг буюртмаси, хинд трактати «Лаззатил нисо» қўлёзмасига ишланган иллюстрация — миниатюралари хисобланади. 50 дан ортиқ миниатюрадан иборат бу қўлёзма Бухоро давлат бадиий меъморчилик музей қўриқхонаси фондида сақланмоқда.

Машхур заргарнинг миниатюра соҳасига мурожаат қилишига янги тузумнинг хунармандларга, айниқса заргарларга нисбатан тутган сиёсати билан боғлиқ С. Поччаевнинг машхур миниатюрачи бўлиб етишида кўпқиррали ижодкорнинг Ўрта Осиё миниатюрасига бўлган катта қизиқиши ҳам мухим рол ўйнади. Уста учун янги соҳадаги ютуқларга унинг заргарликдаги истеъдоди ва

 sadriddin_1.jpg

тажрибаси билан бирга, заргарликда ишланган хаққоқи услуби — эмаль билан кандакори қилинган нақшлар сатҳига ишлов бериш, тўлдириши ҳам ёрдам берди. Бундан ташқари заргарлик буюртмачилари ундан буюмларга гўзал рангго-ранг нақшлар солишни тез-тез сўраб туришлари ҳам уни бу соҳага бефарқ қолдирмади. Ширкат тузилгач, заргарларга буюртмачи асосан давлат бўлиб қолади. Бу пайтда тарғибот — ташвиқот ишларида ҳар хил плакатлар, шиорлар чақириқларни миллий нақшлар билан безаш ва араб ёзувида чиройли ҳуснихат ёзадиганлар керак эди. Ана шу ишлар ҳам Набижон Ҳафизов ва Садриддин Поччаевлар зиммасига юклатилади. Қатағонликка учрамаслик учун ҳам ушбу ижодкорлар , ўзларининг севимли ҳунаридан узоқроқ бўлган иш билан шуғулланишга тўғри келади. Аммо кейинчалик миниатюра чизишни устадан хеч ким сўрамасада, у ўз қизиқиши билан бу сохада ижод қилишни давом эттирди.

XIX -XX аср бошларидаги ўзбек миниатюрасининг сўнгги вакили ҳисобланган Садриддин Поччаевнинг 28 дона алоҳида қоғозга чизилган миниатюра асарлари Бухородаги Камолиддин Беҳзод номидаги "Санъат музейи«да сақланмоқда. Улар 1945 йилда музей томонидан Садриддин Поччаевдан сотиб олинган.

Ушбу миниатюраларни 4 гуруҳга бўлиш мумкин:

1. Меъморий ёдгорликлар тасвири.

2. Алишер Навоий хаёти ва ижодига бағишланган миниатюралар.

3. Қўлёзма китобларга ишланган миниатюралар.

4. Замонавий мавзуда чизилган миниатюралар.

Садриддин Поччаев 1920 — 30 йилларда чизган ушбу миниатюраларнинг биринчилари Эрон ва Хиндистон миниатюраларидан нусха кўчириб яратилганларидир. «Тусдаги мақбара» 1925 й., «Эрон архитектура ёдгорликлари» 1925 й., «Варшава меъморий обидалари» 1926 й.,"Туркия меъморий ёдгорликлари«, «Туркиядаги мачит» 1927 й. ва «Каъба мачити» 1927 й. шулар

  sadriddin_2.jpg

жумласидандир. Ушбу машқлардан кейин эса Садриддин Поччаев Бухоро ёдгорликларини натурадан чизишга жазм қилади. Ва нихоят унинг таниқли «Исмоил Сомоний мақбараси» 1929 й., «Чор минор» 1929 й. миниатюралари қаторида «Минораи Калон ва Мири Араб мадрасаси» 68×50 см. 1929 й., «Каъба» 67×45 см, 1929 й., миниатюралари яратилади. Ушбу миниатюралар ўлчамига кўра анча йирик. Бу ердаги асарлар миниатюрачи рассом наққошликка яқин ижодкор эканидан дарак беради. Айниқса, ёдгорликларнинг кошинкори ва ғиштин нақшларини заргарона ишланиши устанинг қўли заргарники эканини эслатиб туради. Хинд миниатюраларини ижодий ўрганиб, улардан нусха кўчириш жараёнида унинг «Афсонавий хайвон минган авлиё» (16×18 см.) 1930 й. асари дунёга келган.

Унда хўкизсимон хайвон устига минган бир қўлида хукмронлик гурзисини ушлаган Хинд миллий либосидаги аёл тасвирланган. Унинг қиёфаси кескин ва мағрур, кўкрак томони ярим кофта ва пастки томони ярим бели юпкасимон кийим билан ўралган. Бошида мураккаб ўрамли салласимон бош кийими ўзига ярашиб турибди. Ҳайвоннинг думи илонга, боши илон бошига ўхшаб кетади. Тасвир енгил ва эркин чизма орқали ҳаракатда кўрсатилган. Бу миниатюра хинд нусхасидан олинганми ёки мусаввирнинг мустақил ишими аниқлаш қийин. Аммо Поччаев миниатюраларига хос тасвир воситасида чизилгани кўриниб турибди.

sadriddin_3.jpg

Ушбу миниатюралар махсус танланган папирос қоғозига ишланган. Мустақил сюжетли миниатюраларда Садриддин Поччаев бу санъатнинг академик қобиғидан чиққан ҳолда мойбўёқ услубига яқин воситаларда мўйқалам тебратган. Асосий бўёқ акварель, гуашь, айрим холларда мойбўёқ ҳам ишлатилган. Хиндистон сериясидаги ишлари фанерага, бошқалари қоғозга «Шарф ўраган аёл» (24×15,5 см.) ва «Боғда» (24×15,5 см) асарлари эса, папье -маше услубида ишланган.

Унинг ушбу гурухга кирувчи «Ҳофиз ва канизак Шах — набот» (9,5×9,5 см.) 1932 й. асарида олд планда портретга хос холатда бир-бирига шеър айтаётган ошиқ шоир ва машуқа канизак тасвирланган. «Шахзода бургут овида» 1930 й. (18×16 см.) асарида олд тасвирда махсус қўлқош ўнг қўлига бургутни қўндириб, қараб турган овчи, чўккалаган холда қарчиғайга нималарнидир уқтириб турибди. Узун, аммо гавдасига ёпишиб турган кийим устидан фўта ўралган, бошида қишки телпаксимон бош кийими ўзига ярашиб тушган. Орқа планда дарахтзор ва гулларга буркалган боғ чексиз холда тасвирланган. Миниатюрага хос йил фаслларини бир вақтда рамзий тасвирлаш ушбу асарда кўзга ташланади.

sadriddin_4.jpg

«Арғимчоқ учаётган бой хотинлар» (18×26 см.) 1930 й. ҳаётий сюжетли иш бўлиб, миниатюра воситасида мавжуд мавзуни очиб беришга дадил уринишни мусаввир томондан қай даражада бажарилганини кузатамиз. Ёйсимон ўсган улкан дарахт тагида етти нафар башанг кийинган аёллар навбат билан арғимчоқ учмоқда. Олдиндан оқаётган сувда ўрдаклар ва турли -туман қушлар сузаяпди. Дарахт шох — шаббасининг бир қисмигина қоғозга сиғдирилган бўлиб, воқейлик дераза ойнасидан кузатилгандек кўрсатилган.

Садриддин Поччаев ижодида китоб миниатюраси хам мухим ўрин тутади. Юқорида эслаганимиздек «Лазатил нисо» иллюстрациясидан ташқари у Абдурахмон Жомийнинг «Юсуф ва Зулайхо» достонига Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонига, «Тўтинома» қўлёзмасига миниатюралар ишлаб, анъанавий Ўрта Осиё китоб миниатюрасини XX асрга муносиб олиб ўтган хассос мусаввир сифатида санъат тарихига кирди.

Унинг ушбу қўлёзмаларга ишланган миниатюраларида бир томондан анъанавий Ўрта Осиё миниатюрасини чуқур ўрганиб, унга амал қилгани холда, XIX аср охири XX аср бошларига хос янгиланишни хам кузатамиз. У яратган тасвирлар ортиқча унсурлардан холи, сал саёз, халқ оғзаки ижодига хос самимийлик, ортиқча дабдабасиз ва халқчил, бир оз примитив характерга эга.

Ушбу ўзига хос услуб, унинг янги замонавий мавзуларда яратган миниатюралари «Сайловлар» ва "Пахта терими«да янада яққолроқ намоён бўлади. Сайловлар мавзуси муссаввир учун янгилик бўлиб, у болаларча соддалик билан натурадан сюжетли композиция хосил қилган. Каттагина хона байрамона шиорлар билан безатилган, олд тасвирда қуттига сайлов белютенини ташлаётган сайловчи қаршисида кузатувчи аёл стулда ўтирибди, иккинчи томонга хонтахта устига тувакда гуллар қўйилган. Сал орқароқдан миллий кийимдаги аёл сайлов камерасидан чиқиб келаяпди, чап томонда сайлов варақаси тарқатаётган 3 киши ва сайловчилар гурухи, ўнг томонда, орқа планда икки кузатувчи сайлов камераларини тикка туриб қўриқламоқда. Бир томондан асарда одамлар тарқоқ жойлашгандек туюлсада, аммо лекин ушбу усул билан рассом харакатни ва кўпчилик тасвирини бир ерга жамлаб мураккаб вазифани моҳирона еча олган.

sadriddin_5.jpg

«Пахта терими» миниатюраси ундан хам усталик билан бажарилган. Қийғос очилган пахтазор марказдан тикка иккига бўлинган. Бир томонда 7 нафар чевар хотин — қизлар пахта тераяпди, чап томонда 4 нафар эркаклар терим билан банд. Бу билан муссаввир қайноқ терим холатини, қўпчилик композициясини зукколик билан ярата олган. Бир жихатдан миниатюранинг олтин қонунияти бузилгандек туюлсада, янги давр руҳида чизилган миниатюра ўз бадиийлигини йўқотмаган. Рассом ушбу ишни дадиллик билан бажарганлиги, у айнан шу мақсадда қалам тебратганидан далолат беради.

Миниатюрачи Садриддин Поччаев ижодининг қаймоғи, унинг буюк Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган 6 дона миниатюралари ҳисобланади.

 sadriddin_6.jpg

Ушбу туркум буюк шоирнинг болалигидан бошланиб, вафоти билан якунланади, Алишер Навоийнинг замондоши тарихчи Хондамирнинг ёзишича, Алишер 4 ёшидан мактабга борган. Биринчи миниатюрада Алишернинг онаси уни мактабга олиб борган холати тасвирланган. Олд кўриниш устоз ўқитувчи, Алишер ҳамда онаси, орқа тасвирда бошқа ўқувчилар хамда мактаб хоналарининг эшиклари ва боғ жойлашган. Алишернинг қўлида китоб, елкасида эса сумка осилган.

Қолган учта миниатюрада у улуғ шоир хаётининг энг мухим даврларини ёритган. Маълумки, 1472 йилда Алишер Навоийнинг болаликдан бирга ўсиб улгайган дўсти Султон Ҳусайн Бойқаро уни Амир унвонига тавсия этиб, кейин эса вазир қилиб тайинлайди. Ана шу даврдан бошлаб, шоир Алишер Навоийнинг бунёдкорлик ишлари янада қизиб кетади. Шоир ўзининг она шахри Ҳирот ва Хуросон ўлкасининг ободлиги учун тинмай елиб югуради. Карвон йўллари ёқасида обод ва кўркам карвонсарой ва работлар, йўллар, кўприклар, боғлар бунёд қилинади. Инжил канали бўйида янги шахар барпо қилдиради. Ушбу шаҳарда касалхоналар, мактабхоналар, ёлғизлар, етимлар уйлари ва бошқа мухташам бинолар қад кўтаради.

sadriddin_7.jpg 

Ҳирот равнақида Алишер Навоий хал қилувчи роль ўйнади. Заҳириддин Мухаммад Бобур шундай ёзади: «Илм ва санъат ахлига Алишербек сингари хомий қачонлардир ўтганлиги кишиларга маълум эмас. Устод Қулмухаммад, Шайх Ноий ва Ҳусайн Удий сингари улут муганнийлар Алишербек мадади ва қўллаб -қувватлаши шарофатидан шухрат шохсупасида мақом тутдилар. Устод Камолиддин Бехзод ва Шох Музаффар Алишербекнинг ғамхўрлиги ва саъй — харакатлари туфайли машхур бўлишди. Камдан кам одамларгина Алишербек қурдирган фойдали биноларчалик иморатлар бунёд эттиришга муяссар бўлганлар» ("Бобурнома«дан) С.Поччаев ушбу миниатюраларида буюк шоирнинг бунёдкорлик фаолиятини мохирона тарзда хикоя қилади. Минглаб уста қурувчилар, тоштарош, нажжор, сувоқчи, ғишт терувчи ва наққошлар хизматини кичкина хажмли миниатюра қоғозларига моҳирона туширади. Бу асарлар халқ хаётининг реал тасвири бўлиб, унда кундалик тур-мушнинг айрим лавҳалари ўзига хос услубда яратилган.Бу туркумга кирувчи бешинчи асарда мусаввир улкан фожиани тасвирлашга харакат қилади. Унда Алишер Навоийнинг вафоти олдидан рўй берган воқеа тасвирланган. Хондамирнинг ёзишича, бу воқеа 31 декабр 1500 йилда Хўжа Аббосда, тарихчи Хондамир кўз олдида содир бўлган.

Султон Ҳусайиннинг амалдори Хўжа Шахобуддин Абдулла подшох извоши Алишер Навоий хузурига яқинлашаётгани хақидаги хушхабарни етказади. Қадрдон дўсти келаётганидан хабар топган Алишер Навоий, унинг истиқболига чиқиш учун шошилади. Лекин кўп ўтмасдан нохуш ходиса содир бўлади. Алишер бирдан ўзини ёмон ҳис қила бошлайди. У ёнма — ён турган Хўжа Абдуллага — «Мен ўзимни нохуш сезмоқдаман, менга нима бўлаяпди?» — деб юзланди.

Шу вақтга келиб, Султон Ҳусайиннинг извоши уларга яқинлашади, Алишер эса, зўрға отдан тушиб, оёқда аранг турарди. У бир қўлини Хўжа Абдулланинг елкасига, иккин чисини Хондамир кифтига қўйиб, қадрдон дўсти Ҳусайн Бойқарога талпинади. Султон қўлини олиб кўзига суртиб, кафтидан ўпади, аммо шу заҳоти ўзидан кетиб, ерга ўтиради. Ана шу воқеани С.Поччаев ниҳоятда зукколик билан тасвирлайди.Унинг улуғ шоирга бўлган хурмати ушбу асарида ўз аксини топган. Туркумнинг охирги миниатюраси Алишер Навоийнинг дафн маросимига багишланган.

Кўк матога ўралган шоир тобутини сўнгги манзилга кузатаётган ахли Ҳирот катта мотамда. Шахар гўёки хувиллаб қолгандек, одамлар боши ҳам, узокда юм — юм йиғлаётган сарой аёллари бундай катта қайғуни, мусибатни ичларига ютиб тургани тасвирланган. Бу жудолик 1501 йилнинг 3 январ тонгида содир бўлган эди. Мусаввир ушбу туркум асарларини, босиқ, вазбин рангларда чизган. Унга хос ёрқинлик бу ерда кўринмайди. Тасвирланаётган воқеага қараб ранг танланган. Бу ердаги энг ёрқин ранг тўқ сариқ ранг бўлиб, асосан бош қаҳрамон Алишер Навоийнинг кийимларини тасвирлашда қўлланилган. Ўрта Осиё миниатюрасига хос яна бир хусусият асосий қахрамон гавдаси бошқаларидан йирикроқ қилиб тасвирланган.

Садриддин Поччаев ўзи яшаган даврнинг рухиятини ўзи чизган миниатюраларида акс эттира олган ижодкор ҳисобланади. У қадимги Ўрта Осиё миниатюрасини Ўрта асрлардан XIX асргача ривожлантириб, олиб ўтган буюк ижодкорлар ишини янги XX асрга опичлаб ўтган ва уни янги замон рухи билан бойитган рассомдир.

Унинг ижод намуналари нисбатан кам сонли бўлсада, бадиий жихатдан ўзига хос салмоққа эга фавқулотда гўзал санъатдир.

Адабиётлар:

  1. С.С.Булатов, П.П. Шабаратов Н. А. Мансуров. «Наққошлик» «Фан ва технология» — 2010.
  2. Буюк сиймолар, алломалар. Т.:Мерос (уч китоб), 1995, 1996, 1998.
  3. Сулаймон Х., Сулаймонова Ф. Алишер Навоий асарларига ишланган расмлар. Тошкент «Фан» нашриёти. 1982 йил.
  4. Ф.С.Мусакулов. Миниатюра. Учебное пособие. Тошкент 2004.